Китоб мухлислари учун янги туҳфалар
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилаётган Китобхонлик ҳафталиги давом этмоқда.
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида маърифий ҳафталикнинг навбатдаги куни Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбир билан бошланди.
Тадбирда миллий адабиётимизни равнақ топтириш, унинг ривожига муносиб ҳисса қўшган устоз шоирлар ижодини оммалаштириш, ижодининг тарбиявий аҳамиятини кенг ўрганиш масаласига устувор аҳамият қаратилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда устоз ижодкорнинг таваллуд санаси кенг байрам қилинмоқда. Қарорга биноан шоир ижодига оид китоблар мамлакатимиз нашриётларида янада фаол чоп этилмоқда. Ўқув даргоҳлари, кутубхоналар, маҳаллалар, ижодий ташкилотларда уларнинг тақдимоти бўлиб ўтмоқда. Буларнинг бари халқимизнинг устоз Абдулла Орипов шеъриятига чин маънода меҳри баланд эканини амалда яна бир карра исботламоқда.
Устоз шоирнинг шеърлари жам бўлган янги китоблар адабиёт мухлислари учун ўзига хос яна бир туҳфа бўлди. “SHARQ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида чоп этилган икки томли “Сайланма” китобида Абдулла Ориповнинг жонажон Ўзбекистонимиз, истиқлолимиз, обод ва озод кунларимиз, бунёдкор халқимиз, миллий табиатимиз, ҳаётий ҳақиқатлар акс эттирилган шеърлари жамланган. Тадбирда таниқли журналистлар, ёзувчи ва шоирлар файласуф ижодкор Абдулла Орипов ҳаёти, фаолияти, ижодининг кўлами хусусида батафсил сўз юритдилар.
Китобхонлик ҳафталигида, шунингдек, “Академнашр” нашриётида чоп этилган бир қатор янги китобларнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
[gallery-1919]
Н.Усмонова, О.Пардаев (сурат), ЎзА