Ангрен шаҳрида “Бир ойда бир китоб” лойиҳаси доирасида “Китоб – саодат калити” мавзусида Республика Илмий-амалий конференция ўтказилди.
Ангрен университети ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда шаҳар ҳокими Алишер Райимов, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуронов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Зулфия Мўминова, олийгоҳ ректори Комил Синдоров, олимлар, ҳамкор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талабалар қатнашди.
Охирги пайтларда ижтимоий тармоқлар, ахборот технологиялари ривожлангани сари аҳоли орасида китоб ўқишга бўлган қизиқиш сусайгани сезилмоқда. Янги ташаббус ҳар бир талаба ва мураббийлардан камида битта китоб мутолаа қилиш, энг сара асарларни бошқаларга улашиш, жойларда мунозаралар, китобхонлик кечаларини кўпроқ ташкил этиш режалаштирилган.
Тадбир қатнашчилари китобхонлик одоби, тартиб қоидаларини ўрганиш, тез ва соз китоб ўқишнинг сирлари ҳақида фикр билдирилди. Мавзуга доир турли муаммоларга ечим изланди, жамиятда китобхонликни оммалаштириш борасида турли таклифлар ўртага ташланди. Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Бешта муҳим ташаббуснинг бири – мамлакатимизда китобхонлик анъаналарини оммалаштиришдир. Шундан келиб чиқиб, китоб ўқишнинг фойдаси, унинг инсон дунёқараши ўсишидаги аҳамияти қанчалик кучли экани айтиб ўтилди.
– Муҳими, мутолаани тез ва мақсадли ташкил қилишдир, – дейди Ангрен университети ректори Комил Синдоров. – Бунда ўқувчи вақтини тўғри тақсимлашга эришади. Биз ҳам янги саъй-ҳаракатларимизни олийгоҳда оммалаштирдик. Кейинчалик махсус гуруҳлар ташкил қилган ҳолда Ангрен шаҳридаги бошқа таълим муассасалари ёшларини ҳам қамраб оламиз. Бу жараёнда бизга яқиндан ёрдам бераётган ҳамкор ташкилотларга миннатдорлигимни билдираман. Ишонаманки, бу келгусида ўз самарасини беради.
Конференция давомида Ангрен университети талабалари ўртасида ташкил этилган махсус грант танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Ўз йўналишида сараланган иқтидорли бир гуруҳ ёшларга ташкилотчилар томонидан пул мукофоти топширилди.
Шу куни шаҳар марказида Маънавият ва маърифат маскани биноси ҳам фойдаланишга топширилди. Унда соҳа вакиллари, ҳудуд фаоллари қатнашди. Рамзий лента кесилгач барча масканда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
А.Мусаев,ЎзА.