Ҳар бир инсон дастлабки тарбияни, яъни маънавий озуқани оилада ота-онадан олади.
“Ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим”.
Ш.Мирзиёев
Ҳар бир инсон дастлабки тарбияни, яъни маънавий озуқани оилада ота-онадан олади. Кейин эса мактабга боради. Жамоада ўзини қандай тутишни ўрганади. Маънавий озуқа олишнинг, чин инсон бўлиб етишишнинг бирдан бир йўли бу китоб мутолааси ҳисобланади. Инсон камолоти ва билимининг манбаи китоб билан боғлиқ. У инсонни комиллик сари етаклайди. Дарҳақиқат, бу маънавий сарчашма фарзандларимизнинг дунёқарашини бойитади, нутқини ўстириб, хотирасини мустаҳкамлайди.
Китоб маслаҳатчи, садоқатли ҳамрох, энг яқин дўст ва бебаҳо бойлик ҳисобланади. Бола тарбиясида унинг ўрни муҳим. Миллатнинг маънавий-руҳий дунёсини китобга муносабати, китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Жаҳон маданиятига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз эришган бетакрор ютуқларнинг сабаби ҳам китоб мутолаасидир. Шу боис юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишида белгилаб берилган вазифалар ўзининг долзарблиги билан муҳим аҳамият касб этади. Чунки китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш, китоб сотишга ихтисослашган корхоналар томонидан таълим муассасалари, кутубхоналар ва маҳаллаларда янги китоблар тақдимотини ўтказиш, мутолаа маданиятини ошириш, шу жумладан, оммавий-ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот қилишга қаратилган таъсирчан фаолият олиб бориш орқали аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш бўйича тегишли вазифалар ва йўналишлар белгилаб берилди.
Жумладан, Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона марказининг фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш бўлими мутахассислари томонидан “Кўчма кутубхона”, “Мобил кутубхона”, “Китоб чемадончасининг саёхати” каби лойихалари доирасида “Бир соатдан оилавий китоб ўқиш”, “Мен китоб ўқишни севаман”, “Мен фарзандимга китоб совға қиламан”, “Биз оилавий ўқиймиз” каби акциялар ташкил этилган. Ушбу акцияларни ўтказиш доирасида оилада соғлом маънавий муҳит яратиш, ҳар бир оилада маънавий онг, ҳар томонлама етук камолга эга бўлган инсонларни тарбиялаш билан бирга имконияти чекланган инсонларни уйларига бориб, улар билан сухбатлашиб, янги келган адабиётлар билан таништири жараёнида қизиқишларини инобатга олган ҳолда ўқиш учун китоблар тавсия этилади.
Маълумки, ўқувчилар қалбида юксак маънавиятни шакллантиришда китоб ва китобхонликнинг аҳамияти беқиёсдир. Китоб асрларни-асрларга, замонларни-замонларга, ришталарни-ришталарга уловчи восита. Шунинг учун ҳар бир инсон, ҳар бир китобхонда китоб ўқиш, ахборот олиш маданиятини янада ривожлантиришимиз керак. Китоб ўқиш маданияти жуда кенг тушунча ва мураккаб муаммо бўлиб, тахминан қуйидаги ҳолатларни ўз ичига олади:
Ø китоб танлаб олиш;
Ø китобни қандай ўқишни билиш;
Ø китоб ўқиганда нималарга эътибор бериш ва нималарни эсда сақлаб қолиш;
Ø керакли маълумотларни қаердан, қандай, қайси воситалардан фойдаланиб топиш;
Ø олинган билимни ёки хабарни қандай етказиб бериш;
Ø қайта ўқиш-китобхонлик кўникмасини шакллантириш;
Ø кутубхонада каталог ва картотекалар билан ишлай билиш;
Ø китобни тез ва секин ўқишни фарқлай олиш;
Ø китобни ўқиб, унинг фусункор оламига кира билиш;
Ø китобни мустақил ўқий билиш.
Демак, биз соҳа мутахассислари олдига ҳам юксак масъулият юклайди. Шунинг учун китобхонлар билан доимий равишда савол жавоблар, кўргазма олдида сухбат ва энг асосийси ОАВ билан ҳамкорликда турли тадбирлар ташкил этиш орқали тарғибот ишларини янада таъсирчанлигини оширишимиз керак.
Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида бадиий жиҳатдан юксак, интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган китобларга бўлган талабни ўрганиш, шу жумладан, бадиий, маърифий, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиришга доир адабиётларнинг умумий буюртма рўйхатини шакллантириш тизимини такомиллаштириш айни куннинг долзарб вазифаси ҳисобланиб, ёшлар ўртасида китобхонликни юксалтиришда энг таьсирчан омиллардандир.
Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши айни вақтида қабул қилинган зарурий хужжат бўлдики, унда белгиланган вазифаларнинг бандма-банд бажарилиши жамиятимиз маънавий-маърифий ҳаётида туб бурилиш ясайди дейишимизга тўла асос бера олади. Матбуот ва ахборот ҳамда ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги ягона давлат сиёсатини юритувчи ваколатли давлат органини белгиланганлиги, бутун мамлакат бўйлаб нашр этилаётган китобларнинг (электрон шакли билан биргаликда) ўз вақтида китобхонларга етказиб берилишини таъминлаш билан бирга мамлакатимиз аҳолиси ва айниқса ёшларимиз орасида китоб мутолааси ва китобхонлик даражасининг янада ортишига мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.
Шунингдек, бугун ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини юксалтириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга ошириш мақсадида 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр етиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ПҚ-3271-сон, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4354-сон қарорлари, шунингдек, Президентимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил етиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусдан бири - ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасидаги ишларимизда дастурил амал бўлмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишга, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Бунинг учун, аввало, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор беришимиз муҳим аҳамият касб этади.
Соҳанинг ривожланишига ва юқоридаги ҳуқуқий меъёрий хужжатларда белгилаб берилган вазифаларини ижросига қаратилган ахборот-кутубхона марказида махсус режа ишлаб чиқилган ҳолда фаолият олиб борилмоқда. Аҳоли, айниқса ёшлар дунёқарашини кенгайтириш, интеллектуал савиясини ўстириш, маънавий оламини бойитишга оид илмий-маърифий, бадиий адабиётлар, жумладан, электрон шаклда ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти ҳамда жахон адабиётининг буюк бадиий намуналарининг аудио ва видео вариантини яратиш ва ижтимоий тармоқларга яъни “Bilim”АКМнинг bilim.natlib.uz сайтига, instagramга, bilim_akm телеграмга ва фейсбукдаги “Toshkent shahat Bilim axborot-kutubhona markazi”сахифаларига жойлаштириш ишлари мунтазам амалга оширилиши китоб ўқишга, мутолаа маданиятини оширишда мустаҳкам замин яратмоқда.
Дарҳақиқат, Китоб – тафаккур қаноти. Бу қанот мустаҳкам бўлса, юксак кенгликлар сари интилишдан толмайди. Китобга бўлган қизиқиш ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилади. Ҳар бир инсон китоблар орқали унинг маънавий хазинасидан, чексиз имкониятидан иложи борича кўпроқ фойдаланиб, ўзининг, ўзгаларнинг ҳаётини мазмунан бойитиши мумкин. Китоб-руҳиятимиз озуқаси, у билан дўстлашиш нафақат бизни маънан юксалтиради, балки жаҳонга танитади, эзгуликка етаклайди.
Ҳафиза КАРИМОВА,
Тошкент шаҳар «Bilim»
ахборот-кутубхона маркази
директори