Халқимиз азал-азалдан китобни қадрлаган, уни авайлаб асраган. Китоб инсон қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларда меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришда муҳим ўринга эга. Зеро, китоб ўқиган кишининг маънавияти юксалиб, дунёқараши кенгайиб бораверади.
Кейинги йилларда китоб ўқувчиларнинг сони сезиларли даражада ортаётганлиги кишини қувонтиради. Бунда албатта, давлатимиз раҳбарининг китобхонликни ривожлантириш мақсадида амалга ошираётган ишлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Навоий давлат педагогика институтининг 3-сонли талабалар турар жойида яшовчи математика-информатика факультети талаба-қизлари ҳам китобга меҳр қўйган. Бу ерда факультет декани Азамат Норбеков ва тьютор Ситора Ибрагимова томонидан мунтазам равишда турли танловлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб турилади. Бу галги танлов “Энг кўп бадиий китобларга эга хона” деб номланди.
– Факультетимизда кундузги ва кечки таълим шаклида 1021 нафар талаба таҳсил олади, – дейди А.Норбеков. – Факультетда таҳсил олаётган қизларнинг 58 нафари ётоқхонада истиқомат қилади. Тўғри, глобал оламда сунъий интеллект ва интернет ривожи бизни гаджетларга ипсиз боғлаб қўйган. Шунга қарамай, китоблар ҳали ҳам ўз ўрнига ва аҳамиятига эга. У каттага ҳам, ёшга ҳам бирдек қизиқарли. Факультет ва ётоқхонада бу каби танловларни мунтазам ўтказиб турамиз. Мақсадимиз китобхон ёшлар сонини янада ошириш, уларни китоб ўқишга қизиқтиришдир.
Албатта, ёш авлоднинг маънавий эҳтиёжини қондириш учун уларга китоб танлашни, уни ўқишни, таҳлил қилишни мунтазам ўргатиб бориш керак. Бунинг учун эса китоб мутолаасини йўлга қўйиш ва ўқилган асарлар, олинган билимлар, уларнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳамда аҳамияти юзасидан суҳбатлар ўтказиб бориш фойдадан холи бўлмайди.
– Биз ёшлар учун бу каби маънавий-маърифий тадбирларнинг фойдасини сўз билан изоҳлашнинг ҳожати йўқ, – дейди 3-босқич талабаси Элеонора Пирназарова. – Гарчи ўзим математика-информатика факультетида таҳсил олсамда, бадиий китоблар ўқишга қизиқаман. Шу боисдан институт кутубхонасига, шунингдек, Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказига аъзо бўлганман. У ердан қизиқарли китоблар олиб ўқийман. Тополмаган китобларимни китоб дўконларидан сотиб олишга ҳаракат қиламан.
Дарвоқе, юртимизда бу каби ёшларнинг борлиги қувонтиради. Ахир китоб инсонни эзгуликка, маънавий баркамолликка етакловчи асосий кучдир. Китоб ўқиган киши эса ҳеч қачон разилликка бормайди, барчага фақат ва фақат яхшиликлар соғиниб яшайди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири