Киносарой ва музейлар энди ягона "Ўзбекфильм" бренди остида бирлаштирилади
Президентимизнинг "Ўзбекфильм” киностудиясида киноижодкорлар билан учрашуви давом этмоқда.
Президентимиз миллий кино саноатини янги технологик ривожланиш босқичига олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Кино яратишда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича ҳамкорлик дастури бир ойда ишлаб чиқилади.
Унда янги таълим дастурларини тайёрлаш, мутахассисларни ўқитиш ва хорижда малакасини ошириш масалалари кўзда тутилади.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари “Ўзбекфильм” номини миллий киномизнинг ягона бренди сифатида мустаҳкамлаш ташаббусини илгари сурди. Халқимиз Чилонзорнинг бу ҳудудини азалдан “Ўзбекфильм” деб аташи қайд этилди.
Ҳозирги Чилонзор кўчасининг мазкур қисмига “Ўзбекфильм” номини бериш таклиф қилинди. Кино санъати музейини “Ўзбекфильм” музейи, Кино санъати саройини “Ўзбекфильм” киносаройи, Миллий кинофондни “Ўзбекфильм” миллий кинофонди деб номлаб, уларни ягона бренд остида бирлаштириш таклиф этилди.
ЎзА