Кинологлар ўртасидаги мусобақа қизғин ўтмоқда
Шу кунларда куч тузилмаларининг мутахассис-кинологлари ўртасида ҳар йили ўтказилиб келинаётган “Dog biatloni” баҳсининг 5-республика идоралараро мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган Мудофаа вазирлигининг Мутахассис ва хизмат итларини тайёрлаш марказида бўлиб ўтаётган мазкур мусобақада Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Божхона қўмитаси терма жамоаларининг 44 нафар мутахассис-кинологи ўзларига бириктирилган хизмат итлари билан иштирок этишмоқда.

Мусобақа биринчи кундан юқори савияда бошланди. Дастлаб дала синовларидаги илк беллашувни Миллий гвардия терма жамоасининг мутахассис-кинологи ўзига бириктирилган “Шерхон”лақабли шарқий европа овчаркасига мансуб хизмат ити билан бошлаб берди.

Дала синовларидан иборат бўлган беллашувнинг шартларига асосан кинологлар хизмат итлари билан биргаликда 3200 м масофага якка тартибда югуриб келиб, ўқ отиш машқларини юқори аниқликда бажаришга ҳаракат қилишди.

Терма жамоаларнинг кинологлари мусобақа давомида ўзларининг тезкорлигини ва мерганлигини ҳамда уларнинг ҳамроҳи бўлган хизмат итларининг итоаткорлигини намоён этиб, мусобақага жиддий тайёргарлик кўрганликларини кўрсатишди.

Албатта ҳар бир жамоа иштирокчилари ғолиблик учун кураш олиб боришмоқда.
Мусобақанинг илк кунидаги шартларига кўра, кинологларнинг техник-тактик тайёргарлик даражаси ва касбий маҳоратлари ҳакамлар ҳайъати томонидан синчковлик билан кузатилиб, йўл қўйилган ҳар қандай хато ва камчиликлар инобатга олинган ҳолда холисона баҳолаб борилди.

5-маротаба ўтказилаётган “Dog biatloni” беллашувининг республика идоралараро мусобақаси яна бир неча кун давом этиб, мусобақа сўнггига қадар иштирокчилар бор имкониятларини ишга солиб, берилган вақтдан унумли фойдаланишади.
Н.Раҳмонова, ЎзА