Фарғонада Республика Маънавият ва маърифат маркази, Кинематография агентлиги, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида “Кинокарвон” маънавий-маърифий тадбирлари бошланди.
Пойтахтдан келган таниқли киноижодкорлар, ёзувчи ва зиёлилар маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда. Лойиҳанинг илк кунида меҳмонлар Фарғона шаҳридаги Аҳмад Фарғоний кўчасида ташкил этилган “Маърифат боғи” да кўчатлар экишди.
Тошлоқ туманидаги “Хонариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган тадбир ҳам барчага манзур бўлди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Узоқова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Сайёра Тўйчиева ва бошқалар маҳалла аҳлига самимий дил изҳорларини билдирди. Юртимизда инсон қадри улуғвор эканлигини таъкидлаб, киноларимиздаги эзгу ғоялар хусусида сўз юритилди. Учрашув доирасида “Аёл қисмати” номли фильми намойиши барчада катта таассурот қолдирди. Шунингдек, санъаткорлар машҳур кинофильм ва спектаклларда ижро этган ролларидан парчалар намойиш этишди. Ватан ва тинчликни улуғловчи куй-қўшиқлар учрашувга кўтаринкилик улашди.
Фарғона шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”да бўлиб ўтган учрашув самимий кечди. Унда “Гулистон” ва “Ал Хоразмий” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳам иштирок этди. Меҳмонлар бу ердаги яратилган шароитлар билан танишди. Учрашувда ҳарбийлар ҳаёти, юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашда улар кўрсатаётган мардлик ва жасорат ҳақида кўплаб бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олинаётгани таъкидланди. Киноижодкорлар суръатга олиш жараёнларидаги ўзига хос саргузаштлар, қизиқарли воқеаларга оид таассуротлари билан ўртоқлашди, мухлисларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди. Тадбир доирасида намойиш этилган “Ўзбек қизи” бадиий фильми иштирокчиларга манзур бўлди.
[gallery-16996]
–Халқимизнинг ўзига хос қадриятлари, ўзлиги, самимийлиги киноларимизда акс этиши керак, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдухалил Мигнаров. – Бундай учрашувлар биз ижодкорларга жуда катта ғоялар беради. Айниқса, фарғоналикларнинг санъатга бўлган меҳри, мухлисларнинг эътирофи бизга илҳом бағишлайди, янги кинолар яратишга ундайди.
“Кинокарвон” доирасидаги тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров (сурат), ЎзА