Кино усталарининг ижодий ҳамкорлиги
Ўзбекистонда Россия Федерацияси маданияти кунлари доирасида пойтахтимиздаги “Зарафшон“ медиа-мажмуасида Ўзбекистон ва Россия киноижодкорлари иштирокида форум бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда Россия Федерацияси маданияти кунлари доирасида пойтахтимиздаги “Зарафшон“ медиа-мажмуасида Ўзбекистон ва Россия киноижодкорлари иштирокида форум бўлиб ўтди.
“Ўзбеккино“ миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирга санъат, маданият, кинематография соҳаси вакиллари таклиф этилди.
“Ўзбеккино“ миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Россия Федерацияси маданият вазирининг ўринбосари Павел Степанов, С.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти ректори, профессор Владимир Малишев ва бошқалар Ўзбекистон ва Россия ижодкорлари ўртасидаги ҳамкорлик тобора изчиллик билан ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Бу жиҳатлар кинематография соҳасида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Санъат йўналишидаги олий таълим даргоҳлари ўртасидаги ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ёш киночиларимизнинг ўзаро тажриба орттириши учун кенг имкониятлар пайдо бўлди. Айни пайтда россиялик етакчи режиссёрлар, кино усталари мамлакатимизда маҳорат дарсларини бериши, турли ижодий учрашувларни ўтказишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда яратилган бадиий, қисқа метражли, анимацион фильмлар Россияда бўлиб ўтаётган фестивалларда муваффақиятли намойиш этилмоқда.
– Бола кино санъатини анимация орқали танийди, – деди Россиянинг “Союзмультфильм“ студияси директори Борис Машковцев. – Россияда уч минг ижодкор анимацион санъат билан шуғулланади. Ўзбекистонлик анимация усталари билан ҳамкорлик катта масъулиятни ҳам талаб этади. Биз “Хўжа Насриддин“ анимацион фильмига оид ғояни амалга оширишни режалаштирганмиз. “Ўзбеккино“ миллий агентлиги мазкур таклифга ғоят тезкорлик билан муносабат билдиргани эътиборга моликдир.
– Бизни болаликдан эртаклар бирлаштиради, – деди россиялик киноижодкор Фарҳод Маҳмудов. – Улар болалар қалбининг калитидир. Айниқса, Шарқ эртаклари донишмандлик, самимиятга йўғрилгани билан аҳамиятлидир. Шу маънода “Пари совғаси“ (“Подарок феи“) картинасини биргаликда ишлашни режалаштирганмиз. Қадим Бухорода тасвирга олиниши кутилаётган ушбу фильмдаги ролларни ижро этишда саксон фоиздан кўпроқ ижодкорлар ўзбекистонлик бўлади. Мазкур картинада Хитой, Япония, Россия актёрлари ҳам иштирок этиши эҳтимолдан холи эмаслигини назарда тутган ҳолда ижодий лойиҳани халқаро деб ҳам аташ мумкин.

Киноанжуманда соҳадаги ислоҳотлар, ҳамкорликдаги дастур ва лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган ҳужжатли фильмни биргаликда тайёрлаш, хорижий кинокомпанияларни Ўзбекистонда фильмлар яратишга кенгроқ жалб этиш, Бутунроссия давлат кинематография институти ҳамда “Ўзбекино“ миллий агентлиги ўртасида малакали кадрларни тайёрлаш борасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзбекистонлик киноижодкорлар учун махсус малака ошириш курсларини ташкил этиш хусусида батафсил сўз юритилди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқди.