Кимлар давлат божини тўлашдан озод қилинади?
Оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилалар манфаатларини кўзлаб, даъволар, аризалар ва шикоятлар билан судга мурожаат этилганда, давлат божини тўлашдан озод қилиш масаласи кўрилмоқда.
Ушбу тартибларни ўз ичига олган қонун лойиҳаси Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилди. Ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ушбу қонун лойиҳаси билан Солиқ кодекси ҳамда 7 та қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Унга кўра, ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақтни иш стажига қўшиб ҳисоблашда даволаш муассасасининг хулосасини чиқариб ташлаш, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларини белгилаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг йўқолган ёхуд яроқсиз ҳолга келган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-картаси (биометрик паспорти)ни алмаштириб беришда ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари директорларининг қарорига асосан муайян яшаш жойига эга бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги уй-жой фондига вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга қўйилганда, давлат божидан озод қилиш кўзда тутилмоқда.
Муҳокамаларда сўз олган фракция аъзолари қонун лойиҳаси ЎзХДП электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганини алоҳида эътироф этиб, уни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
М.Комилова, ЎзА