Заргарлик саноати миллий иқтисодиётимизнинг драйвер соҳаларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбарининг тизимга қаратаётган эътибори ва соҳанинг ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий қўллаб-қувватлаши бу борада муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, Президентимизнинг 2024 йил 23 июлдаги “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан соҳадаги ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтириш ва унинг рақобатбардошлигини таъминлашнинг яна бир ҳуқуқий асоси кучга кирди.
Мазкур фармонда заргарлик буюмлари экспортини ошириш учун қўшимча шароитлар яратиш вазифаси қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Кимберли жараёни” — Халқаро ишлов берилмаган олмослар савдосини тартибга солиш ташкилотига аъзо бўлиши юзасидан зарур чоралар кўриш бўйича иш олиб борилиши белгиланган. Шу мақсадда "Кимберли эксперт миссияси" делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Делегация аъзоларининг илк манзили – Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги бўлди. Вазирликда бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистоннинг "Кимберли жараёни"даги иштироки табиий ресурслар савдосини масъулиятли ва шаффоф тартибга солиш йўлидаги муҳим қадам бўлиши айтилди. Томонлар Ўзбекистон иқтисодиётида шаффофликни ошириш ва маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирларини муҳокама қилди. "Кимберли жараёни" тизимига муваффақиятли уйғунлашиш учун заргарлик саноатини янада ривожлантиришнинг устувор йўналиши бўлган олмослар хомашёсини импорт қилиш учун шароит яратиш зарурлиги қайд этилди.
Делегация аъзолари Давлат божхона қўмитасининг “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексида ҳам бўлишди. Бу ерда меҳмонларга божхона назорати, жараёнда қўлланилувчи замонавий технологиялар ва механизмларнинг татбиқ этилганлиги тўғрисида тушунча берилди ва таништирилди.
–Биз Кимберли Сертификатлаш жараёнини амалга ошириш учун бу ерга, Ўзбекистонга ташриф буюрдик, –деди Бирлашган Араб Амирликларидан келган иштирокчи Назия Ҳақуе. – Ушбу жараёнга бошчилик қилаётган БАА делегацияси мамлакатингизнинг тайёрлигини кўриб жуда мамнун бўлди. Чунки ички назоратлар ва қонунчилик яхши ривожланган. Жамоамиз божхона тизими ва вазирликларнинг ички назоратларини ўрганиб, уларнинг тизимларини синчиклаб ўрганди. Биз ҳисоботимизни ёзиб, ноябрь ойида БААда бўлиб ўтадиган умумий йиғилишда тақдим этамиз. Мамлакатимизда заргарлик саноатини ривожлантириш ва унинг истиқболини юксалтиришда Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси ва “Ўзмиллийбанк” АЖнинг ҳамкорлиги катта аҳамиятга эга.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда “Ўзмиллийбанк” АЖнинг барча ҳудудий бўлинмаларида олтин омборлари захираси ташкил этилган. Рақамларга эътибор қаратамиз. 2024 йилда заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ҳажми 6050 килограмм, қиймати 2064,7 миллиард сўмни ташкил этган. Давлатимиз раҳбари фармонидан сўнг 805,2 миллиард сўмга тенг заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу 15 фоизга ошган дегани. Январь-сентябрь ойлари давомида биржа савдолари ва тўғридан-тўғри шартнома орқали жами 2501,2 кило олтин сотиб олинган. Президентимиз фармонидан кейин 1021,5 кило қимматбаҳо металл сотиб олиниб, харид ҳажми 15 фоизга ошган.
2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида 70,4 миллион долларга тенг бўлган 1421,9 килограмм заргарлик буюмлари экспорт қилинган бўлса, фармондан сўнг 50,9 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Бу эса экспорт ҳажми 5 баробарга ортганлигидан далолат. Жорий этилаётган механизм, тақдим этилаётган имконият ҳамда қулайликлар, шубҳасиз соҳа ривожига хизмат қилади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати