Ким Филби яна Ўзбекистонда
“Афсонавий разведкачи билан ёнма-ён” китобини ўқиб
“Жеймс Бонд – агент 007” фильмларини кўриб, ўша қаҳрамонга ўхшашни орзу қилмаган ёшлар топилмаса керак, кўнглининг бир бурчагида “қанийди мен ҳам...” деган ўй ўтади. “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси”даги Штирлиц-чи, қайси томошабиннинг кўнглидан жой олмаган. “Қилич ва қалқон”, “Майор Вихрь”, “ТАСС баёнот беради”, “Жосуслар кўприги”, “Разведкачининг жасорати”, “Резидентнинг тақдири” сингари фильмларни кўриб, қаҳрамон бўлиш, разведкачи-жосус бўлишни орзу қилмаган йигит бормикан ўзи.
Йиллар ўтиб Ким Филби, Рихард Зорге, Рудольф Абель сингари афсонавий разведкачиларнинг кўрсатган жасоратларнинг янги қирралари очилиши давом этмоқда.
Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда муддати вақтига етган архив материалларини очиш ишларига эътибор берила бошланди. Хусусан, Иккинчи жаҳон урушининг 75 йиллиги муносабати билан оммавий ахборот воситаларида ўзбек разведкачилари тўғрисида бир қатор мақолалар чоп этилди. Ўзбекнинг биринчи афсонавий разведкачиси Баҳром Иброҳимов ҳақида янги фактлар эълон қилинди. Бундан ташқари, турли вақтларда хориж мамлакатларида оғир шароитларда ишлаб, мамлакатимизга соғ-саломат қайтган разведкачиларимиз Шариф Ширинбоев, Айнулла Мансуров, Боис Эргашев, Борис Митрофанов, Георгий Кустларнинг кўрсатган қаҳрамонликларидан халқимиз бугун бохабар.
Шу йилнинг бошида “Афсонавий разведкачи билан ёнма-ён” асари нашр этилди. Зорге 1941 йилнинг 15 июнида Токиодан туриб, немислар урушни 22 июнда бошламоқчилар, деб хабар юборган бўлса, Филби эса уруш якунланаётган 1945 йилда немислар ғарб мамлакатлари билан сепаратик сулҳ тузишга уринаётгани, кучларнинг шарқий фронтдаги урушни давом эттириш учун куч тўплаётгани хабарини йўллайди. Бу маълумот эса немислар Германиясининг ғализ ниятини фош этиб, унга қарши давлатлар томонидан зарур тадбирлар олишга ундайди.
Ушбу китобда дунёда афсонавий разведкачи деб тан олинган Ким Филбининг ҳаёти, Испания, Буюк Британия, АҚШ, Ливан, Туркия давлатларида кўрсатган мислсиз жасоратлари батафсил ҳикоя қилинади. Асосий мавзу эса кўринмас фронт аскарининг турмуш ўртоғи билан 1971 йилда Ўзбекистонга амалга оширган саёҳати тўғрисидадир.
КИМ ФИЛБИ ЎЗИ КИМ?
Авваламбор, Ким Филби ўзи ким? Шу ҳақда қисқа маълумот бериб ўтишни лозим топдим.
Унинг ҳақиқий исми-шарифи Гарольд Адриан Рассел Филби. 1912 йилнинг 1 январь куни Ҳиндистоннинг Амбала шаҳрида таваллуд топади. Отаси атоқли инглиз адиби Редьярд Киплингнинг “Ким” номли романининг қаҳрамони исмига ўғлига шу исмни танлайди.
Ким болалигидан ҳинд ва араб тилларида гапирар, кейинчалик немис, француз, испан, турк ва рус тилларини ўрганади. 1929 йилдан бошлаб Англия аристократларининг фарзандлари ўқийдиган Кембриж шаҳридаги Тринити коллежида таҳсил олади...
Афсонавий разведкачи Ким Филбига бир вақтнинг ўзида икки рақобатчи давлат – Буюк Британия (1939 йилдан эътиборан) ва Совет иттифоқи (1934 йилдан) учун хизмат қилади. Буюк жосуснинг хизматлари муносиб тақдирланади, дунё тарихида ҳануз такрори бўлмаган икки мукофот – Британия империяси ордени ва Иттифоқнинг Қизил байроқ ордени билан тақдирланади.
Ким Филби Британиянинг ўта муваффақиятли разведкачиларидан бири бўлгани тан олинади, у махфий разведка хизматида масъулиятли лавозимни эгаллаган бўлиб, унинг асосий вазифаларидан бири хорижий жосусларни таъқибга олиш эди.
Ажойиб парадокс — Иттифоқдан Англияга жосуслик учун юборилган мутахассисларни ўргана туриб, унинг ўзи советларнинг махсус хизматлари томонидан оғдириб олинади. Ким коммунизм ғояларини қизғин қўллаб-қувватлагани учун совет разведкаси билан ҳамкорликка моънелик билдирмайди.
Филбининг Иккинчи жаҳон уруши йилларида Иттифоққа кўрсатган ёрдамларининг ҳисоби йўқ. Унинг бевосита кўмагида Грузия-Туркия чегарасида қўпорувчилик гуруҳи фош этилди. Унинг маълумоти билан Албанияда Америка ҳарбий кучлари киритилишининг олди олинди. Англияда инқирозга юз тутаётган “Кембриж бешлиги”ни сақлаб қолишда совет разведкачиларига кўмаклашди. Булар нишона мисоллар.
Англия махсус хизматлари томонидан кўп маротаба совет разведкачилари билан ҳамкорлик қилаётгани тўғрисидаги шубҳаларга борилади. Аммо Ким Филбига нисбатан исботланган айблар қўя олмайдилар.
Филби ҳаётининг бир неча йили мобайнида Испания ва Ливанда журналист бўлиб ишлаб, Британия разведкасига маълумотлар тўплаб жўнатиб турган.
Истанбул шаҳридаги резидентурада хизмат қилади, инглиз разведкасининг Вашингтондаги Марказий разведка бошқармаси ва Федерал разведка бюросининг вакили бўлиб фаолият кўрсатади.
1963 йилда Лондондан Ливанга келган махсус комиссия Кимнинг Совет иттифоқи билан алоқаларининг борлигини аниқлаштиришга муваффақ бўлади. Умуман рад этиб бўлмайдиган факт – Сталин томонидан совға этилган барельеф далилий ашё этиб кўрсатилади. У ноёб дарахт ва қимматбаҳо металл ҳамда тошлардан ишланган бўлиб, унда Арарат тоғи акс эттирилган эди. Дастлабки суриштирувда Филби бу асарни Истанбулда сотиб олганини айтади. Англиялик изқуварлар бу маҳобатли тоғ фақат Иттифоқда эканига тўла амин эдилар-у аммо кеч қоладилар.
Шундан сўнг, Филби бирдан ғойиб бўлади. Уни қидирув ишлари узоқ давом этади, кейинроқ маълум бўлишича, унга Москвадан сиёсий бошпана берилади. Ҳаётининг сўнгги кунлари – 1988 йилгача ушбу шаҳарда умргузаронлик қилади.
РАЗВЕДКАЧИ НЕГА САЁҲАТ УЧУН ЎЗБЕКИСТОННИ ТАНЛАДИ?
Айрим инсонларнинг тақдири тарихнинг чархпалагида шундай қизиқарли, шундай сирлики, бу ҳақда бирорта саргузашт романда ҳам ўқиш мумкин эмас. Айнан шу маънода Ким Филбининг ҳаёти ва тақдири алоҳида ажралиб туради. Бу афсонавий разведкачи тўғрисида 200 га яқин китоб, минглаб мақолалар ёзилган. Шэрон Стоун ва Рупер Эвертт бош ролларни ўйнаган Холивуднинг жангари фильми суратга олинган.
Уни ким Иттифоқ билан ҳамкорликка тортган, уни кимлар сотган, у фош этилгач Москвага қандай етиб келган, нима учун уни XX асрнинг афсонавий разведкачиси деб атайдилар каби саволларга ҳанузгача батафсил жавоб йўқ.
Яна ҳам ажабланарлиси, унинг отаси – катта Филби ўғлининг дунё сиёсатига аралашиб юришидан, разведкачилик фаолиятидан мутлақо хабари бўлмаган! “Отам яна озгина яшаганда эди, мен тўғримда ҳамма нарсадан воқиф бўларди”, деб ёзади афсус ва надомат билан.
“Афсонавий разведкачи билан ёнма-ён” асари ўзбек китобхонларининг Ким Филби тўғрисидаги тасаввурларини бойитишга хизмат қилади. Разведкачи нима сабабдан саёҳат учун Ўзбекистонни танлади? Минтақамизнинг кенг сарҳадларида катта майдонни эгаллаган бошқа мамлакатлар ҳам бор эди-ку! Бу саволга жавобни топиш учун унинг оиласига, ўсиб-улғайган юртидан ахтариш керакка ўхшайди.
Ким Филби туғилган Амбала шаҳри Тож Маҳал ансамбли савлат тўкиб турган Аграга жуда яқин. Бобурийлар давлати бу ерларда 300 йилдан зиёд ҳукмронлик қилишди. Болаликда кўрган-кечирганини ва тарих китобларида ўқиган Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўриш орзуси бўлгандир балки...
Унинг отаси Сент-Жон Филби мустамлакачи инглиз маъмурияти ходимларидан бўлиб, етук шарқшунос даражасига етган, кейинчалик эса ислом динини қабул қилган. Иккинчи аёли араб бўлган. Саудия Арабистонига кўчиб бориб, узоқ йиллар қирол Ибн Сауднинг маслаҳатчиси бўлиб хизмат қилади. Эҳтимол отасининг васияти билан ислом тарихи, ҳадис илми тараққий топган, Имом Бухорий ва бошқа алломалар етиштириб берган Ўзбекистон тупроқларининг зиёратига отландимикин!
Қолаверса, XIX асрлардаёқ Англия ва Россиянинг ишқи Туркистон ўлкасига тушади. Минтақанинг бош давлати нима жиҳатлари билан бу мамлакатларни ўзига ром этганига шахсан гувоҳ бўлиш учун Ўзбекистонни танлаган бўлиши мумкин!
“ИЛТИМОС, МЕНИ МАҚТАМАНГЛАР!”
1971 йил. Уч ҳафталик саёҳат режаси тасдиқланади, айниқса хавфсизлик чораларини юқори даражада таъминлаш таъкидланади.
1968 йилда Ким Филбининг “Менинг махфий урушим” (“Моя тайная война”) китоби Нью-Йоркда чоп этилган, асарда Буюк Британия, АҚШ ва Канада махсус хизматлари шармандали ҳолга туширилган эди. Бунинг устига у совет матбуотида ўз китоби тўғрисида маълумотлар улашишни давом эттираётган даврлар эди.
Нукус, Хива, Фарғона, Қўқон, Марғилон, Андижон, Наманган, Бухоро, Навоий, Зарафшон, Самарқанд шаҳарлари галма-галдан кезилади. Китоб муаллифининг таъкидлашича, бу қисқа сафар давомида афсонавий разведкачининг хулқ-атворини ўрганишга, дунё жосуслик тажрибасидан хабардор бўлишга муваффақ бўлади. Унинг ҳар бир ҳаракати, юриш-туришидан, гап-сўзидан маъно чиқариш мумкин. Унинг дунёқараши ниҳоятда кенг, янгиликда ошуфта, вақт зиқлигига қарамай ўзини қизиқтирган саволларга тўла жавоб олмагунча суҳбатдошларига сираям тинчлик бермайдиган хилидан экан.
Марғилондаги “Атлас” фабрикасини кезиш чоғида матони тайёрлаш таърифини ипидан игнасигача тўла тушуниб етмагунча у ердан чиқиб кетмайди.
Бухорода мисгарнинг устахонасида яралаётган симфония – “тақа-туқ”, “тақ-туқ” мусиқасига маҳлиё бўлади. Шариф шаҳардаги тарихий обидаларининг яратилиши билан астойдил қизиқади.
Зардўзчи қизларнинг матолар, тўнлар, палаклар ва бошқа буюмларнинг тўқилиш жараёнини завқ билан томоша қилади.
Разведкачи Хивада Жалолиддин Мангуберди ва Чингизхон ўртасида содир бўлган воқеаларни жуда яхши билиши билан бу сафар гид-таржимонларни шоширтириб қўяди. Хоразмлик шоир, файласуф, адолат курашчиси Паҳловон Маҳмуд тўғрисидаги ҳикояни мароқ билан эшитиб, бу тарихий мақбарадан узоқ вақтгача чиқолмай қолади.
Самарқанд обидаларини синчиклаб кўздан кечирар экан, Филбилар оиласи завқларини яширолмай, ўзаро алланималар тўғрисида узоқ-узоқ гаплашишган эди.
Сиёб бозоридаги нонлар растаси уни мафтун этади! Бу каби хилма-хил нон маҳсулотларини аввал ҳеч қаерда кўрмаган эру-хотинларнинг оғзи ёпилмай қолди. Улар нон яратилиши, нонвойларнинг тарихи ва таърифи билан астойдил қизиқишди.
Ким Филби камтар, камсуқум, ортиқча мулозаматлардан қочадиган, кам гап, сермулоҳазали инсон! Тошкентга Нукусга ҳаракатланиш олдидан унга самолётга биринчи бўлиб чиқишга лутф кўрсатишади. Бундай хушомадни рад этиб, аэропортда ўзига нисбатан эл қатори хизмат кўрсатишга чақиради. Эътироздан тўғри хулоса чиқарилиб, Нукусга ва умуман бошқа шаҳарларда уни бундай тантанали кутиб олиш маросимлари бекор қилинди.
Узундан-узун мадҳиябозликдан ҳам осонликча воз кечилди. Тошкентдаги илк зиёфатда даврабошининг баландпарвоз гапини кесиб, “бўлди, етар энди, мени мақтаманглар” қабилида йўл тутиб, “Ўртоқлар, келинглар, яхшиси меҳнаткаш ва меҳмондўст ўзбек халқи учун қадаҳ кўтарайлик”, дейди!
КАМ УХЛАБ, КАМ ТАНАВВУЛ ҚИЛИБ, КАМ СЎЗЛАЙДИ
Дунё кўрган, дунё сиёсатини ўзгартиришга маълум маънода ҳисса қўшган бетакрор разведкачи оддийликка интилган, оддий инсонлар билан суҳбатдан олам-олам завқ олган.
Самарқанддаги ана шундай зиёфатдан қочиб чиқишга мажбур бўлган воқеаси ҳам китобда баён қилинади. Далада кўпкари ўйнаб, от чоптириб юрган йигитларнинг мусобақасини мириқиб томоша қилади. Ўйин қоидалари, ғолибни тақдирлаш тўғрисидаги маълумотларни эшитиб, янада завқланади. Сал нарида эса чўпон билан юзлашади. Ўзбекчилик, у ҳам дарров дастурхон ёзиб, хуржунидан нон, туршак чиқаради, бисотидаги битта пиёладан термосдан қуйилган илиқ чойни галма-гал ичиб, мароқли суҳбат қуришади.
Бошқа бир зиёфат пайтида лаганда ош қолиб кетади, урфимизга амал қилиш учун ош ошатиш маросими ўтказилади. Уни кузатиб юрган ҳамроҳларидан ишоратли тасдиқ олгач, моҳир разведкачи мезбоннинг қўлидаги ошни оғзига солиб юборади.
Тошкент–Москва поездида уйига қайтишда вагон-ресторанда атлас кўйлакли талаба ўзбек қизлари билан дилдан суҳбат қуради.
Ўзбекистон сафари силлиқина, бекаму-кўст ўтди деб бўлмайди. Афсуски Филбининг кайфиятини бузадиган воқеалар ҳам рўй беради. Қўқонда меҳмон шарофати учун балиқ ови ташкил этилади. Леонид Гайдайнинг “Жавоҳир қўл” фильмидан (1969 йилда чиққан) андоза олган маъмурлар қаҳрамонимиз балиқ овлайдиган кўлга бир кун аввал бир самосвал балиқ тўкиб кетадилар. Синчков разведкачи кўл атрофидаги машинанинг излари ва сувдаги мўл—кўл балиқларни кўриб, ҳафсаласи пир бўлади, бу ясама “кўргазма”дан эса хафа бўлади.
Олтиариқда яна бир “томоша” содир бўлади. Далада меҳмон ҳузурида каклик отилади ва маҳаллий раҳбар тантанали оҳангда “каклиқ гўштидан палов” еймиз, дейди. Дастурхонга эса товуқ гўштли ош келтирилади... Бундай кўзбўямачиликларни кўравериб кўзи пишиб кетган разведкачи бу сохтакорликни ҳам бирпасда фош этади.
Китоб муаллифининг алоҳида қайд этишича, разведкачи кам ухлаб, кам танаввул қилиб, кам сўзлайдиганлар хилидан экан. Саҳар соат 6 да туриш қадимдан келадиган одати эмиш. Нонуштадан кейин матбуот билан танишилар, хат-ҳужжатлар билан ишлар экан.
Пойабзалини кийишга ҳозирлаш ҳам бир жараён экан. Саҳарлаб уни ярақлатиб артиш, мойлашдан ҳеч эринмаскан. Туфлисининг ипини боғлаш яна алоҳида бир “маросим”. Ипнинг икки томони бир-бирига теппа-тенг келмагунча қайта-қайта боғлаверар экан у жонивор. Бу жараён баъзан 10-15 дақиқага чўзилиб, бу орада ҳаёлида Филби кундалик ишларининг режасини тузиб олишга улгурар экан.
Бўйнига қизил галстук тақиш азалий одати эмиш. Бу машҳур инсоннинг кўзлари ҳайратли равишда яшил тусда экан. Оппоқ кўйлакнинг устидан яшил рангли вильвет костюм кийиб юришни ёқтирар экан, бу уни янада салобатли, кўркам қилиб кўрсатар эди, деб эслайди китоб муаллифи.
КИТОБ НЕГА КЕЧ ЁЗИЛДИ?
Энди тегирмон навбати «Афсонавий разведкачи билан ёнма-ён» китоби муаллифини таништиришга етиб келди. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати фахрийси, истеъфодаги полковник Суннатилла Мирзалиев Самарқанд давлат университетининг чет тиллар факультетини 1962 йилда тамомлаган. Тиббиёт институтида домлаликдан кейин хавфсизлик идораларига хизматга чақиртирилган.
Энди бу омадни кўринг: ўзбекнинг 30 ёшар бўз йигити кимсан Ким Филбига йўлдошлик қилса! Нақд уч ҳафта! Разведканинг эшигидан энди кириб келган ёш ходимнинг бахти эди бу! Ўша замонда она тилдан ташқари рус ва инглиз тилларида мукаммал гаплашган, республикамиз бўйлаб саёҳатларда турли тоифа халқ вакилларига афсонавий разведкачи билан мулоқотларда тилмочлик қилган!
Суҳбатларимизнинг бирида китоб муаллифи Ким Филбига уч ҳафта ҳамроҳлик қилиш ёш разведкачимиз учун ҳаёт мактабини ўтаганини айтиб берган эди. Бу мактабда олган сабоқлари кейинчалик С.Мирзалиевнинг Эрон, Афғонистон, Туркия ва жанубий шарқий Осиё мамлакатларидаги фаолиятларида анчагина қўл келади.
Бугун китобхонларни қизиқтирган саволни мен ҳам унга берган эдим: китоб нега кеч ёзилди?
– Асарнинг рус тилидаги қўлёзмаси анча йиллар ёзиб тугатилган эди. Аммо Филби ҳақидаги кўплаб материаллар махфий гриф остида сақланаётган эди. Дунё таниган ва дунё эътироф этган афсонавий разведкачи тўғрисида ёзиш фақатгина республикамиз ихтиёри билан боғлиқ эмас эди!..
Суннатилла аканинг айтишича, Филби билан асосан инглиз тилида гаплашишган. Баъзан суҳбатлар турк тилида, баъзан араб тилида давом эттирилган. Разведкачи рус тилини ҳам яхши билар эди, аммо у рус тилда гаплашишни истамасди.
Тарихдан маълумки, Амир Темурни ёқтирмаган Ибн Арабшоҳ ўзи билмаган ва ўзи истамаган тарзда ҳали ҳеч ким битмаган, қўл урмаган ва журъат эта олмаган мавзуни ёритиб, келгуси авлод учун қимматли гувоҳликлар қолдирган эди.
Амир Темурнинг махсус хизмати тўғрисида Соҳибқироннинг замондоши Ибн Арабшоҳ энг холис маълумотларни беради. У барча томонга айғоқчиларини жўнатиб, қолган мулкларига эса жосусларини қўйган эди.
– Улар дунёдаги турли вазиятлар ва етти иқлимнинг ҳар бир қарич ерида содир бўлган омонлиг-у хавф хатар, адолат-у ҳақсизлик, арзонлигу қимматчилик, нохушлик ҳам шифо топиш ва кейинчалик юз берадиган бошқа ишлар тўғрисида ҳукм чиқарар эдилар.
Демак, ўзбекларнинг разведка тарихи Амир Темур давридан бошланиб, бугунги кунда ҳам махсус хизматлар фаолияти муваффақиятли давом этмоқда. Сўнгги йилларда давлатимизда ҳукм сураётган эмин-эркинлик шабадаси туфайли халқимиз ўзининг шонли қаҳрамонлари – разведкачиларимиз тўғрисидаги маълумотларга эга бўлмоқда.
«Афсонавий разведкачи билан ёнма-ён» китоби шу йил Ғофур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйида босилиб чиқди. Суннатилла устоз шу йилнинг бошида 80 ёшларини муносиб нишонлади. Китоб эса ўзлари учун муносиб совға бўлди.
Суннатилла Мирзалиев ҳали ҳам ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишида фаол. У киши ДХХнинг Фахрийлар кенгаши аъзоси. Келажакда у кишининг бевосита хизмат фаолиятлари тўғрисида суҳбатлашиш ниятимиз бор. Унгача эса устозга мустаҳкам соғлиқ-саломатлик тилаб турайлик!
Аброр Ғуломов, халқаро шарҳловчи