Суҳбат
Хорижликларнинг она тилимизда сўзлашишга ҳаракат қилишини кузатсак, кўзимиз қувонади, дилимиз яйрайди. Шундай эмасми? Бу ўзбек тилининг жаҳондаги мавқеи юксалиб бораётганидан далолатдир. Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида жойлашган Марказий Осиёдаги Америка университети (American University of Central Asia) магистранти Киийҳа Грейнинг она тилимизни ўрганиб, ўзбек аёллари мумтоз шеърияти тўғрисида илмий иш ёзаётгани, уларнинг ижодидан таржималар қилаётгани ҳам бунга ёрқин бир мисол бўла олади. Биз қаҳрамонимизнинг ўзбек тилига бўлган қизиқиши, ўзбек адабиёти ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Грей хоним, сизнинг ўзбек тили ва адабиётига бўлган қизиқишингиз бизни хурсанд қилди. Туркий тиллар орасидан айнан ўзбек тилини ўрганишингизга нима сабаб бўлган?
Карантин даври гарчи бироз таҳликали кечган бўлса-да, кўпчилик инсонлар учун ижодий, илмий фаолиятини ривожлантиришга яхши имконият ҳам тақдим этди. Мен ҳам мана шу даврда, яъни 2020 йил июнь ойида Америкадаги Висконсин-Медисон университетида ўзбек тилини ўрганишни бошладим. Ўзбек тилини ўрганиш учун шу тилда сўзлашадиган дўстлар билан танишишга, сўзлашишга ҳаракат қилдим. Тўғрисини айтсам, ўзим уммон ортида туғилиб ўсганим боис мен учун бутунлай янги тил бўлган ўзбек тилини ўрганиш қийин бўлди. Қолаверса, тил ўрганишга киришгунимга қадар Ўзбекистон ҳақида кўп нарса билмас эдим ҳам. Лекин ўзбек тилини ўргатган ўқитувчим Мадина Жўраева мени чин маънода илҳомлантирди.
Ишонасизми, ўқитувчимга ҳавас қилиб, ўзим ҳам ўзбек тилини севиб қолдим ва уни ўрганишга астойдил киришдим. Бошланишида мен бироз қийналдим, лекин бир неча ҳафтадан сўнг қийинчиликни сезмай қўйдим. Бу орада нималар қилдим, биласизми, кўплаб ўзбек фильмларини томоша қилдим, ўзбек халқ оғзаки ижодидан эртаклар ўқидим. Кейин адабиётга қизиқиб қолдим ва бадиий адабиётни жиддийроқ ўрганишга киришдим.
Ўзбек тилини ўрганишингиздан аввал Ўзбекистонда бўлганмисиз ёки шу халқ тили, адабиёти ҳақида эшитганмисиз?
Илгари фақат Aлишер Навоий ҳақида эшитган ва унинг таржима қилинган шеърларини ўқиган эдим. Аёл шоирлари ҳақида эса бутунлай билмас эдим. Диссертация ёзиш мобайнида билдимки, ўзбек аёллари мумтоз шеърияти ҳақида илмий ишлар кам экан. Ўзбек тилини ўрганганимдан сўнг Увайсий, Нодира, Зулфия ва бошқа шоираларнинг асарларини ўзим учун кашф этганимда жуда хурсанд бўлдим. Мен ёзувчи аёлларга қизиқиб қолдим ва уларнинг асарларини инглиз тилидаги таржималарида ўқишни хоҳладим, аммо хориж тилида топишга имкон бўлмади. Шунда ўзим уларнинг шеърларини ўгиришни ният қилдим. Насиб этса келажакда ушбу таржималарни нашр этиб, дунё китобхонларига тақдим этаман.
Ўзбекистоннинг жуда бой ва чиройли тарихи бор. Аммо афсуски, мен ҳали Ўзбекистонда бўлмаганман... Бир кун ўзбек халқи билан ўзбек тилида гаплашишни, дарсларимда ва адабиётларда мен эшитган ва ўқиган барча тарихий қадамжоларни кўришни хоҳлар эдим. Шу йил август ойида юртингизга боришни ният қилганман.
Билишимизча, сиз ҳозирда ўзбек шоиралари ижоди тўғрисида магистрлик диссертацияси ёзмоқдасиз. Ўзбек адабиётининг қандай жиҳатлари эътиборингизни тортди?
Ҳа, менинг илмий ишим XIX аср Қўқон хонлигидаги Ўзбекистон шоир аёллари ҳақида. Увайсий, Нодира ва Aнбар отинлар, шу жумладан, аёллар таълим олиш қийин кечган, ижтимоий ҳаётнинг баъзи жиҳатларидан четда қолган бир даврда шоирлар қандай қилиб гўзал ғазаллар ёзганликлари мени қизиқтиради. Мени кўпроқ отин йўналиши эътиборимни тортди. Аёллар ғазал ёзишни ҳамда ижро қилишни адабий отинлардан ўрганишган ва бир-бирларига ўргатишган.
Лойиҳамнинг мақсади бу аёллар отин тармоқлари орқали қандай қилиб тил ва шеърият бўйича таълим олганликларини ва бу аёллар қандай қилиб патриархал жамиятда чиройли ғазаллар ёзишганини очиб беришдир. Ушбу тадқиқотим Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини инглиз тилига таржима қилган устозларим Кристофер Бейкер ва Кристофер Форт томонидан қўллаб-қувватланаётгани мени янада руҳлантиради.
Ўзбек тилида эркин сўзлаша оласиз бугунги кунда. Тил ўрганиш жараёнида қандай қийинчиликларга учрадингиз?
Aмерика Қўшма Штатларида ўзбек тилини ўрганиш қийин эди, чунки бу ерда суҳбатлашадиган одамларни учратиш қийин. Бахтимизга ўзбек тилида ўқиш ва тинглашда ёрдам берадиган кўплаб фильмлар, мусиқа ва веб-сайтлар мавжуд. Aммо ўзбек тилида сўзлашувчилар билан ўзбек тилида гаплашишни соғинаман. Шу сабаб тил кўникмаларимни ошириш мақсадида Ўзбекистонга боришни ният қилганман.
Хорижий тил ўрганаётган инсонларга қандай тавсиялар берасиз?
Чет тилини ўрганишда нафақат янги тилни ўрганасиз, балки бир халқнинг маданияти, тарихи ҳақида ҳам билим эгаллаб борасиз. Хорижий тилни ўрганиш сизга янги дўстлар орттиришингизга имкон беради, дунёқарашингизни кенгайтиради, ажойиб ва қизиқарли саргузаштлар олиб келади. Мен синаган барча усулларни қўллаш фойдали, масалан, ўрганилаётган хорижий тилда таржимаси субтитрда бериб бориладиган фильмлар кўриш, бадиий китоблар, айниқса, эртаклар ўқиш, ўша тилдаги қўшиқлар тинглаш ва албатта коммуникация. Шу тилда сўзлаша оладиган одамлар билан кўпроқ сўзлашиш керак. Бу жуда ҳам қизиқарли...
Юлдуз Ўрмонова суҳбатлашди.
ЎзА.