Мамлакатимизда бундан етти йил аввал тажриба тариқасида биринчи бўлиб Наманган вилоятида кичик саноат зоналарини барпо қилишга киришилган эди. Бугунги кунга келиб, уларнинг сони 73 тага етди ва уларда ўн минглаб иш ўринлари юзага келди.
Наврўз байрами арафасида Янги Наманган туманида жойлашган “Тараққиёт” кичик саноат зонасида тўққизта корхона ўз фаолиятини бошлади. Ушбу субъектлар мебелчилик соҳасидаги турли йўналишларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, маҳаллий бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилади.


Жумладан, “Ultra Group” масъулияти чекланган жамият стол ва стул ишлаб чиқаришни бошлаб, 40 киши иш ўрнига эга бўлди. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар Хайрулло Охунов, Отабек Ибрагимов, Авазхон Неъматов, Раҳматулло Абдуллаев, Муҳаммаджон Аҳмаджонов, Акмалжон Мусаев, Нозим Жўраев ва Абдулло Бозоров томонидан ташкил этилган корхоналар эшик ва ромлар, сим сетка, шкаф-диван ҳамда стол ва стул ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Умумий қиймати 79 миллиард сўмлик лойиҳалар доирасида 292 та янги иш ўрни яратилди.


Янги манзилларнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан жамоатчилик фаоллари ва нуронийлар мазкур саноат зонасининг вилоят иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Мебелчиликка ихтисослашган “Тараққиёт” кичик саноат зонасининг умумий майдони 10 гектар бўлиб, келгусида бу ерда 202,5 миллиард сўмлик 37 та инвестициявий лойиҳа жойлаштирилади ва 4 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, режага кўра, ушбу ҳудудда икки гектар майдонни ўз ичига олган автомобилларга сервис хизматларни бир жойга жамлаган замонавий комплекс ташкил қилинади ҳамда 400 дан ортиқ янги иш ўринлари пайдо бўлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА