Самарқанд давлат университети ноорганик кимё ва материалшунослик кафедраси мустақил тадқиқотчиси Эрали Бувраев “3D-гуруҳ металларининг витаминлар ва аминокислоталар билан аралаш лигандли комплекс бирикмалари синтези” мавзусида илмий изланиш олиб бормоқда.
Юртимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилаётган бирпайтда паррандачилик ва кичик қорамолларни интенсив боқиш технологияси долзарб ва муҳим йўналишлардан бирига айланган. Айниқса, жониворларнинг тўлақонли озиқланишини таъминлаш, рационга озуқа билан бирга минерал, витамин ва бошқа биологик фаол қўшимчалар киритиш ҳосилдорлик гарови сифатида сифатли озиқ-овқат маҳсулоти етказиб беришга хизмат қилади.
Тадқиқотчи мазкур илмий ишни тухум қўядиган товуқ, бройлер жўжа, ҳали сутдан ажратилмаган бузоқда витамин ва аминокислота мисолида синовдан ўтказишни режалаштирган.Дарвоқе, сўнгги йилларда бундай тажрибалар хорижда кўплаб ўтказилиб, амалиётга татбиқ этиб келинмоқда.
Ушбу 3D, яъни биометал (мис, рух, кобальт, никель) организмда муҳим фаоллик намоён қилувчи металл ионлари мавжуд. Айни унсурларни биологик фаол компонент ҳисобланган аминокислота ёки витамин билан аралаштирилса, биологик фаоллик кучайиб, таъсир самарадорлиги янада ошади. Бу тўғрида илмий маълумотлар бисёр.
- Дунё илмий жамоатчилиги томонидан турли аминокислота ва биометал ҳосил қилган аралашманинг биологик таъсири тадқиқ этилганда микробларга қарши курашиш, бактерияларга акс таъсир кўрсатиш, шунингдек, жониворлар маҳсулдорлигини ошириш бўйича фаоллик намоён бўлган, - дейди тадқиқотчи Эрали Бувраев. - Биз ҳозиргача биометал ва аминокислота иштирокида 48 та комплекс бирикмани синтез қилиб улгурдик. Яқин орада илмий ишимизни якунлаб, парранда ва чорва молларини интенсив боқишнинг янги услубини ҳаётга татбиқ этамиз. Лойиҳа амалга ошиши натижасида муайян уй ҳайвонлари озуқаси учун сарфланаётган харажат миқдори сезиларли даражада арзонлашиши кутиляпти. Университетимизда тажрибалар учун барча шароит яратилган. Ҳозир фақат айрим моддаларнинг синтезланиш жараёнини сабрсизлик билан кутяпмиз.
Қайд этиш жоиз, тадқиқотчининг мазкур иши юзасидан хорижий матбуотда 10 дан зиёд, республика миқёсида 30 га яқин илмий мақола чоп эти. Жараён бир қатор етук олимлар ва жамоатчилик вакилларининг доимий эътиборида.
Отабек Саъдуллаев,
СамДУ ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов (сурат),ЎзА