Кичик инвазив гастростомия технологияси
Навоий шаҳридаги Тиббий-санитария бўлимида тиббиёт амалиётига замонавий ва самарали усулларни жорий этиш мақсадида “Кичик инвазив гастростомия технологияси” мавзусида семинар ташкил этилди.
Мазкур тадбир “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси тиббий-санитария бўлимининг Анестезиология-реанимация бўлинмаси негизида ўтказилиб, ютилиш функцияси бузилган, неврологик ва онкологик касалликларга эга, шунингдек, узоқ муддат реанимация шароитида даволанаётган беморларда энтерал овқатлантиришни хавфсиз, барқарор ва самарали ташкил этишга қаратилди.

Амалий машғулотлар давомида Москва шаҳридаги В.М.Буянов номидаги клиник шифохона эндоскописти Евгений Кудрявский назорати остида 3 нафар беморга гастростомик трубкалар ўрнатилди.

Ушбу инновацион методика эндоскопик жарроҳлик билан боғлиқ хавфларни камайтириши, беморларни парваришлаш ҳамда овқатлантириш жараёнини сезиларли даражада енгиллаштириши билан аҳамиятлидир.

Семинар тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, илғор хорижий тажрибани амалиётга жорий этиш ҳамда беморларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири