Кичик бизнес – иқтисодиётнинг пойдевори
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Суҳроб Тавбоев ҳамда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайратжон Холиқбердиев иштирок этиб, тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқот ўтказишди.
Мазкур учрашувда асосий эътибор Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 19 март куни тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувида белгилаб берилган вазифалар ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш масаласига қаратилди. Мулоқот иштирокчиларига бу йўналишда яратилган қулай шарт-шароит, мавжуд имконият ва янгиликлар тўғрисида батафсил ахборот берилди.

Учрашувда маҳаллий тадбиркорлар ўз фаолиятларида учраётган муаммолар борасида гапириб, ўз таклифларини ҳам айтиб ўтишди. Шунингдек, мулоқотда солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этиш, мавжуд қарздорликларни бўлиб тўлаш, амалдаги имтиёзлардан самарали фойдаланиш, жарима ва санкциялар бўйича енгилликлар бериш каби масалалар ҳам кўтарилди.

Хусусан, “Мадина Қуролова” МЧЖ раҳбари Малика Қуролова солиқ ҳисоботларини топшириш билан боғлиқ муаммосини баён этди ва мулоқотдан ўзига керакли ҳуқуқий тушунтиришлар олганини таъкидлади.
Мулоқот давомида ҳар бир мурожаат алоҳида кўриб чиқилиб, амалиётга доир ечимлар таклиф этилди. Солиқ тўловлари, ҳисоботлар ва ҳуқуқий масалалар юзасидан аниқ тавсия ва тушунтиришлар берилди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, бундай очиқ мулоқотларда нафақат мавжуд муаммолар кўтарилади, балки уларни ҳал этиш учун аниқ чора-тадбирлар ҳам белгилаб олинади. Бу эса кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалиётдаги ифодасидир.

Мулоқот якунида тадбиркорлар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар тегишли ташкилотлар томонидан инобатга олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири