“Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” муносабати билан Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари вакиллари, блогерлар, соҳа мутахассислари иштирок этди. Унда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Жонибек Давронов, Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув хизмати Киберхавфсизлик маркази масъул ходими, майор Умиджон Хамрақулов ойликнинг мақсад ва вазифалари, вилоятда ўтказиладиган тадбирлар хусусида маълумот берди.
[gallery-18135]
Анжуманда сўнгги йилларда ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятлар кўрсаткичи нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ортиб бораётганлиги, бугунги кунга келиб, кибержиноятчиликнинг олдини олиш, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш, аҳолининг билим ва тушунчаларини бойитиш муҳим вазифалардан бири эканлиги алоҳида қайд этилди.
– Таҳлилларга кўра, охирги тўрт йилда мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари орқали содир этилган жиноятлар 16,9 бараварга ортган, – дейди Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув хизмати Киберхавфсизлик маркази масъул ходими, майор Умиджон Хамрақулов. – Хусусан, 2023 йилда қайд этилган кибержиноятларнинг 76,3 фоизини электрон тўлов воситалари орқали содир этилган ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари ташкил этади.
Анжуманда мутасаддилар томонидан вилоятда кибержиноятларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли, хусусан, ёшларнинг кибер оламдаги таҳдидларга нисбатан билим ва тушунчасини ошириш мақсадида ИИВ киберхавфсизлик маркази манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда тадбирларда инновацион тарғибот усулларидан кенг фойдаланилиши айтиб ўтилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари