Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, хусусан, кибержиноятларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масаласига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда институт ректори Қувондиқ Қодиров, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник Бахтияр Торебеков, вазирликнинг бир қатор масъуллари, ёшлар таълим-тарбиясига масъул мутахассислар ва талабалар иштирок этди.

Бугунги кунда глобал ахборот майдонида кибермакон билан боғлиқ бўлган янги-янги таҳдидлар пайдо бўлмоқда. Шу боис, виртуал оламдаги ҳужумлардан ҳимояланиш масаласи жаҳон ҳамжамиятини чуқур ўйлантирмоқда. Дунё бўйлаб ҳар йили 500 миллиондан ортиқ киберҳужум уюштирилади. Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда бу турдаги жиноятлар сони кўпайиб, банк-молия операциялари орқали ўзгаларнинг пластик картасидаги маблағларни ўзлаштириш, зарарли вируслар тарқатиш, қимор ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, диний ақидапарастликка йўналтирилган ахборот хуружлари, онлайн савдо майдонидаги фирибгарликлар каби ҳолатлар учрамоқда.

Ачинарли жиҳати, ахборот технологиялари ёрдамида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган шахслар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Республикада виртуал оламдаги қонунбузарликларнинг аксарияти 16-23 ёш оралиғидаги ёшлар томонидан содир этилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, киберхавфсизликни таъминлаш масаласи бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.
Тадбирда мутахассислар томонидан ёшлар ўртасида бундай ҳолатларнинг олдини олиш, кибержиноятчиликнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида маълумот берилиб, келгусида қилинадиган ишлар белгилаб олинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири