Кибержиноятчилар йўлига тузоқ
Иқтисоди ривожланган, мўътадил давлатларда кредит тизими барқарор ишлайди. Муаммолар деярли кўзга ташланмайди. Аммо бу, ҳамма жойда ҳаммаси “беш” дегани эмас, қилинадиган ишлар бир талай. Масалан, кредит олиш, уни расмийлаштириш, фойдаланиш, белгиланган муддатларда қайтаришдаги муаммоларни олинг, етарли – истаганча топилади.
Боз устига, бу соҳада фирибгарлик ҳолатлари тобора авж олиб бораётгани ҳам бор гап.
Барча давлат идоралари, жумладан, банклар ҳам аллақачон рақамлаштирилган тизимга ўтган бир пайтда мижозларнинг кибержиноятчилар домига тушиб, бир неча сониялар ичида пешона тери билан топган бойлигидан мосуво бўлиб қолаётгани тўғрисидаги совуқ хабарлар бот-бот қулоғимизга чалиниб, кўнгилни баттар хира қилади.
Бундай хунук ҳолатнинг давом этиши фуқаро – мижоз билан банк ўртасидаги ишончга путур етказиши турган гап.
Бугун атрофимизда кредит ололмаётганидан нолиб юрган юртдошларимизнинг ҳам, кредит олиб қарзини вақтида тўлай олмай “қуён” бўлиб юрган мижозларни ҳам, ўзи бехабар аммо номида бир олам қарзи бор – номига кредит расмийлаштирилган оввора-ю сарсон бўлиб юрган кишиларни ҳам кўриш мумкин.
Хўш, нега шундай? Аслида кредит кимларга берилади?
Уни расмийлаштириш тартиб-тамойиллари, банк ва мижоз масъулияти, қолаверса, шахсга доир маълумотларни “ташқарига билдирмаслик” бугун қанчалар кафолатланган? Фирибгарлар ана шу “ожиз” нуқталардан фойдаланиб, банк ва мижоз ўртасидаги ишонч кўпригига зарар етказмаяптими?..
Маълумотларга қараганда, 2023 йилда киберхавфсизлик йўналишида 6 минг 455 та жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 76 фоизи (4 минг 923 та) фуқаронинг банк пластик карталаридаги пулларни қўлга киритиш билан боғлиқ. Шунингдек, 2024 йилнинг 8 ойида киберхавфсизлик йўналишида (банк картаси билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан) фуқаролар томонидан 36 минг 811 та мурожаат йўлланган, шундан 20 минг 810 таси ўғирлик ва 16 мингтаси фирибгарлик жиноятига алоқадор экани изоҳга ҳожат қолдирмайди.
Олий Мажлис Сенатининг ўтган ҳафта бўлиб ўтган 4-ялпи мажлисида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кредит соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун юқорида тилга олинган бўшлиқлар ўрнини тўлдиради, банк ва мижоз ўртасидаги муносабатни мустаҳкамлайди, хавфсизликни кафолатлайди, кибержиноятчилар йўлига тузоқ бўлади.
Энди кредитни онлайн тарзда, масофадан туриб ҳам расмийлаштиришингиз мумкин бўлади. Яъни, сиз энди интернет орқали ариза топшириш ва хулоса олиш имконига эгасиз. Банкка бориб, навбат кутиш ёки ҳужжатларни махсус жойларда текшириш каби ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.
Мазкур қонунга жисмоний шахсларнинг улар билан кредит битимларини тузишга тақиқ белгилаш ва уни олиб ташлашга бўлган ҳуқуқларини, уларни Кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритишнинг тартиби ва шартларини, шунингдек кредит ахборотидан фойдаланувчиларнинг белгиланган тақиқни бузган ҳолда кредит битими тузгани учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Бундан ташқари, кредит бюроларига нисбатан уларнинг фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик талабларини бузгани учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар белгиланади.
Қонунда аҳолини кредитлаш соҳасидаги фирибгарлик жиноятларидан ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг хабарисиз улар номига кредит расмийлаштириш ҳамда масофадан туриб онлайн маблағларини ечиб олиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий равишда кредит олишдан воз кечиш механизми жорий этилади.
Бундан ташқари, кредит бюролари маълумотлар базаси негизида кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрини шакллантириш йўлга қўйилади.
Жисмоний шахсни унинг аризасига кўра кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритиш (тақиқ қўйиш) ҳамда реестрдан чиқариш (тақиқни бекор қилиш), шунингдек, жисмоний шахс томонидан кредит битимини тузиш тақиқлангани ёки тақиқ бекор бўлгани тўғрисидаги маълумотларнинг кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрида мавжудлиги бўйича ахборотни шакллантириш тартиби белгиланди.
Қонунда жисмоний шахснинг кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрида мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ва тақиқлаш (тақиқни бекор қилиш) тўғрисидаги аризанинг ҳолати ҳақида ахборот олишда – беришда кредит бюроларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлар бор.
Шунингдек, қонун билан жисмоний шахслар тўғрисида маълумотни Кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрига киритиш тартиби жорий қилиниб, кредит ахбороти субъекти – жисмоний шахслар томонидан кредит битими тузишни тақиқлаш (тақиқни бекор қилиш) тўғрисидаги ариза билан ягона интерактив давлат хизматлари порталига электрон шаклда, давлат хизматлари марказига ёзма шаклда мурожаат этиш имконияти яратилди.
Табиийки, ушбу чора-тадбирлар, яъни, киритилаётган ўзгартиришлар билан кредит ажратишда фирибгарлик ҳолатларининг олди олинади. Қонунга биноан кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестри жорий этилади.
Фуқароларга мазкур реестрга киритиш бўйича ариза бериш орқали кредит битимини тузишни тақиқлаш имконияти яратилади. Хусусан, кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестри Марказий банк томонидан белгиланган тартиблар асосида кредит бюролари томонидан юритилиши, банклар ва нобанк кредит ташкилотларига Реестрни текширмасдан туриб кредит ажратиш тақиқланиши ҳамда Реестрдаги фуқарога кредит ажратганлик учун кредит битими бўйича келиб чиқадиган оқибатларга жавобгарлик белгиланмоқда.
Марказий банк томонидан кредит бюроларига нисбатан қоидабузарлик учун чоралар кўрилади ва санкциялар қўлланилади. Бунда, кредит бюроларига қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юбориш ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваригача бўлган миқдорда жарима ундириш назарда тутилади.
Мазкур қонун қонунчиликда шу пайтгача мавжуд бўлган кўзга кўринмас хатарли бўшлиқ ўрнини тўлдира олади деб, бемалол айта оламиз. Қонуннинг ҳар бир бандини ўрганиш, риоя қилиш, ҳаётга татбиқ этиш эса сизга, бизга, ҳамма-ҳаммамизга боғлиқ.
Абдусаид КЎЧИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенатининг Бюджет ва иқтисодий
масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА