Киберхондрия янги касаллик, лекин тез тарқалмоқда
COVID-19 туфайли юзага келган хавотирлар ортгани сайин интернетда касаллик ҳақида маълумот излаш ҳам кундан-кунга кўпаймоқда.
Бироқ интернетдаги саломатлик билан боғлиқ турли маълумотлар бошқа муаммоларга олиб келиши мумкин. Масалан, киберхондрияга. Психиатр доктор Бушра Чубайнинг таъкидлашича, бу касаллик интернет билан боғлиқ бўлганлиги сабабли айниқса, ёшларда кўпроқ учрайди.
Шифокорнинг айтишича, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мавҳум хулосалар ва хавотир киберхондрияга олиб келади. Киберхондрия бу ҳаддан зиёд қўрқув, саросимага тушиш касаллигидир. Шуни унутмаслик керакки, нотўғри маълумотлар интернетда осон ва кенг тарқалади. Жисмоний ва руҳий ҳолатлар бўйича кўплаб шикоятлар ҳам интернетдаги турли маълумотларга ишонишдан келиб чиқади. Ҳали руҳий касаллик деб тасдиқланмаган бўлса-да, киберхондрия ҳам ақлан ривожланишга таъсир этиши мумкин.
Виртуал оламдаги техник тил, олинган маълумотларнинг сифати, салбий маълумотларнинг кўплиги ва фильтрланмаган маълумот билан ишлаш одамларда стрессни кучайтиради.
Доктор Чубай ҳар хил манбага ишониб кетавермаслик ҳақида огоҳлантириб, жумладан, шундай дейди дейди:
— Интернетдаги ишончли ва ишончсиз ахборот манбаларини ажратиш ҳақиқий дунёдан кўра қийинроқ. Шунинг учун интернетдаги маълумот манбаларининг аниқлиги таъминланиши керак. Бунинг учун зарур тиббий маслаҳат керак бўлганда мутахассис шифокорлар томонидан тақдим этилган илмий маълумотлар ва тавсияларни ҳисобга олиш кифоя.
Виртуал қидирув зиддиятли, тушунарсиз ёки нотўғри маълумотларни тақдим этиши мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, одамлар кўпинча ўзларининг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар тўғрисида интернетдан олган маълумотларига мувофиқ ҳаракат қилади. Бу эса соғайиш муддатини чўзилишига олиб келади.
Инсон кўп вақтини интернетдан фойдаланишга бағишлаши билан кундалик ҳаётга эътиборини издан чиқариши мумкин. Доктор Чубай маълум муддатда танаффус қилиб олишни тавсия этади. Масалан, ҳафтанинг 1 кунини тўлиқ экрансиз ўтказиш ёки ҳафтанинг 3-4 кунида 2-3 соатлик экранга қарамаслик мақсадга мувофиқ, дейди.