“ХОВАР” Тожикистон Миллий ахборот агентлиги
НИАТ “ХОВАР” агентлиги Тожикистондаги етакчи агентлик ҳисобланади. 1925 йили 31 декабрда ташкил топган.
Дунё ахборот агентликлари
НИАТ “ХОВАР” агентлиги Тожикистондаги етакчи агентлик ҳисобланади. 1925 йили 31 декабрда ташкил топган.
Ўша вақтда Тожикистон Телеграф агентлиги – ТожикТА деб юритилган. ТожикТА Москвадан, ТАССдан ахборотлар олиб уларни республикада чоп этилаётган газеталарга етказиб берган, унчалик катта бўлмаган ҳажмда “Вестник местной информации” – Маҳаллий ахборотлар тўпламини ҳам нашр этган.
ТожикТАнинг дастлабки асбоб-ускуналари биттагина радиоприёмникдан иборат бўлган, унинг ёрдамида иттифоқ ва чет эл ахборотлари ёзиб олиниб, рус тилидан тожик тилига таржима қилинган. Ёзув машинкаси ва ротатор ёрдамида нусхалар кўпайтирилиб, обуна бўйича газета, радио ва бошқа ташкилотларга етказиб берилган.
Дастлабки пайтда ТАССнинг Тожикистондаги бўлими редакциясида 3 нафар мухбир ишлаган холос. Агентлик аста-секин мамлакатнинг ахборотни яратиш, уни топиш, саралаш ва тарқатиш марказига айланган.
1972 йили Тожикистон ахборот агентлиги собиқ иттифоқнинг бошқа агентликлари қатори ТАССнинг филиалига айлантирилди. Шу пайтда Тожикистондаги ҳаёт ҳақида ойига 100 та, бир йилда эса 3,5 мингга яқин ахборот тайёрлаб берилган.
Мазкур агентлик ойда бир марта “Тожикистон бугун” номи остида ҳар бирида 20 та актуал фотосурат, кичик матн ва лавҳалардан иборат 400 нусхада тўплам чиқариб турган. 1981 йили Агентликнинг фотоахборот муҳарририятида энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган рангли суратлар лабораторияси очилган. Бунинг натижасида Тожикистон фототасвирчилари собиқ иттифоқ ва халқаро кўргазмаларда қатнашиш имкониятига эга бўлган. Агентлик Республика ОАВларидан ташқари яна 7 вилоят, 44 тумандаги шаҳар ва район газеталарини ҳам материаллар билан таъминлаб турган.
2004 йил 30 апрелда агентлик Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги марказий давлат ахборот органи мақомини олди ва НИАТ “ХОВАР” Тожикистон Миллий ахборот агентлиги номи билан юритила бошланди.
Агентлик Тожикистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Тожикистон Республикаси Президенти кўрсатмалари, Мажлиси милли ва Тожикистон Республикасининг Мажлиси намояндагони Маджлиси Олининг фармонлари ва қарорларига амал қилади, шунингдек, оммавий ахборот воситалари соҳасидаги халқаро ҳуқуқ қонун-қоидалари асосида фаолият кўрсатади.
Агентлик, шунингдек, давлат, ҳукумат органларига, идора ва муассасаларга, корхона ва жамоатчилик ташкилотларига, хорижий давлатларнинг элчихоналарига, халқаро ташкилотларга тожик тилида “Набзи Ховар” ва рус тилида “Пульс Востока” номли махсус ахборот бюллетенларини тайёрлаб, етказиб беради.
Агентликка Тожикистон Республикасининг Президенти фаолияти, Мажлиси Оли ва Тожикистон Республикасининг ҳукумати тўғрисидаги расмий ахборотларни, ҳужжатларни йиғиш, тарқатиш ва уларга шарҳлар тайёрлаш эксклюзив ҳуқуқи берилган.
Бугун НИАТ “Ховар” Миллий ахборот агентлиги Тожикистон Республикасининг барча вилоятлари ва туманларида, шунингдек, Россия Федерацияси (Москва), Туркия (Анқара), Германия (Берлин), Америка Қўшма Штатлари (Нью-Йорк)да ўз мухбирлик пунктларига эга.
Тожикистон Миллий ахборот агентлиги ўзининг 95 йиллик даври мобайнида республика ахборот воситаларига ўнлаб тажрибали журналист кадрларни етказиб берди. Бугун улар мамлакатдаги ахборот агентликларида ҳамда хорижий давлатларда самарали фаолият кўрсатишмоқда
Ахборот агентликлари тайёрлаган хабарлар, интервьюлар, репортажлар тожик, рус, ўзбек ва инглиз тилларида дунёга тарқатилмоқда.
И.Абдухолиқов
тайёрлади.