Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни қандай?
Унда Тошкент шаҳар партия ташкилоти аъзолари, депутатлар ҳамда университет профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирок этишди.
Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ва И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиали ҳамкорлигида мамлакатимизда «Гендер тенглиги тўғрисида» қабул қилинган қонунга асосан «Баркамол ривожланган шахсни шакллантиришда аёлларнинг роли» мавзусида конференция ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар партия ташкилоти аъзолари, депутатлар ҳамда университет профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирок этишди.
Маълумки, 2019 йилнинг сентябрь ойида «Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган эди. Унга кўра хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш кўзда тутилган. Хусусан, жисмоний, жинсий, иқтисодий, психологик зўравонликлардан ҳимоя қилиш қонунда аниқ кўрсатиб ўтилган.
Таъкидлаш керакки, мазкур қонун қабул қилинганидан сўнг хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш борасида мамлакатимизда анчагина салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида жадал ишлар ташкил қилиняпти. Уларнинг жамиятда фаолликларини ошириш, ҳаётда ўз ўринларини топиб олишларига кўмаклашиш, соғлигини мустаҳкамлаш соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. «Гендер тенглиги тўғрисида» қабул қилинган қонун ҳам айнан ушбу ислоҳотларнинг янада самарали бўлишига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунга келиб ислоҳотлар натижаси яққол кўзга ташланмоқдаки, мамлакатимизда янгича амалиёт — аёлларни ҳоким вазифасига тайинлаш, юқори турувчи ташкилотларда уларнинг сонини кўпайтириш, жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясидаги салмоғи 50 фоиздан ортиқни ташкил этиши ва Олий Мажлис Сенатига ҳам аёл кишининг раҳбар этиб тайинлангани буни яққол тасдиқлайди.
Конференция давомида партия электорати бўлган вакиллар, фаол аъзолар ҳамда университет олима аёллари томонидан мавзуга доир маърузалари тингланди. Якунда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини яна кучайтириш бўйича ҳамкорлар билан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби