11 миллиард 900 миллион сўмлик маҳсулот экспорт қилинди
“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остидаги маҳсулотларни бугун жаҳоннинг турли минтақаларида учратиш мумкин.
“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остидаги маҳсулотларни бугун жаҳоннинг турли минтақаларида учратиш мумкин.Жаҳон бозорига чиқиш, четга маҳсулот сотиш – мамлакат иқтисодий тараққиётини таъминлайдиган муҳим кўрсаткичлардан биридир. Фарғона вилоятида ҳам экспортбоп товарлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулот ҳажми ва турини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни жорий йилнинг дастлабки олти ойида вилоят тадбиркорлари томонидан 260,1 миллион долларлик маҳсулот хорижга сотилганида ҳам кўриш мумкин.
Қиёслаш учун бир мисол: 1991 йили Фарғона вилоятида атиги иккита экспортчи корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб 160 корхона чет эл инвестицияси иштирокидаги ишлаб чиқариш субъекти саналади. 100 дан зиёд корхона айнан хорижлик мижозлар буюртмаси асосида фаолият юритмоқда. Айни пайтда дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакатида Фарғона корхоналари ёрлиғи туширилган рақобатбардош маҳсулотларни учратиш мумкин.
Марғилон шаҳрида жорий йилнинг ўтган даврида 214, 7 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 7,8 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди.
“Expo color print teks” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида тайёрланаётган сифатли ип-калава маҳсулотларига ташқи бозорда талаб ортмоқда. Бу ерда ўрнатилган замонавий технологияларни марғилонлик ёшлар бемалол бошқармоқда. Айни пайтда корхонада меҳнат қилаётган 200 дан зиёд ишчи-ходимнинг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир. Ўтган йили қўшма корхонада 11 миллиард 900 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва экспорт қилинди.
– Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини мутахассислар юқори баҳоламоқда, – дейди қўшма корхона бош директори Абдуқаҳҳор Жўрабоев. – Жорий йилнинг ўтган даврида 2 миллион 440 минг долларлик маҳсулот хорижлик буюртмачиларга етказиб берилди. Айни пайтда бозор конъюнктурасини ўрганган ҳолда, янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқдамиз.
Қўшма корхонада замонавий корпоратив бошқарув тизими жорий этилган. Бу жаҳон бозоридаги ўзгаришларни кузатиш баробарида уларда бевосита иштирок этиш имконини бермоқда. Ўтган йили иш бошлаган қўшма корхона қисқа вақт ичида Хитой ва Польша давлатларида савдо уйлари очди.
Уч сменада ишлаётган корхона йилига ўртача 3 минг 600 тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга.
– Корхонамиз маҳсулотлари асосан хорижга экспорт қилинаётганидан фахрланамиз, – дейди ип йигирувчи Муаззам Ҳошимова. – Замонавий дастгоҳлар билан ишлашни тезда ўрганиб олдим. Бунда инглиз тилини билишим жуда қўл келди.
Бундай экспортчи корхоналар сафининг тобора кенгайиб бораётгани иқтисодий самарадорликни ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.