Хоразмда “Маънавият фестивали” бўлиб ўтмоқда
Анжуманда бу йилги “Маънавият фестивали” ҳудудларнинг маҳаллий хусусиятлари, қадриятларига мувофиқ ташкил этилиши таъкидланди.
Урганч шаҳрида республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” танлови ҳамда “Маънавият фестивали” нинг ташкилий жараёнларига оид матбуот-анжумани ўтказилди.
Унда республика Маънавият ва маърифат маркази ҳудудий бўлим раҳбарлари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжуманда бу йилги “Маънавият фестивали” ҳудудларнинг маҳаллий хусусиятлари, қадриятларига мувофиқ ташкил этилиши таъкидланди.
– Ушбу фестивалга ўз маданий меросларимиз, қадрият ва анъаналаримиздан келиб чиққан ҳолда катта тайёргарлик кўрдик, – дейди республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти раҳбари Бекзод Абдиримов. – Фестивал давомида 40 га яқин тадбирлар ташкил этилиши кутилмоқда. Жумладан, тадбирлар доирасида “Алла” кўрик танловининг вилоят босқичи ҳам ўтказилади. Ўтган йили шаҳар-туманларга хос турли аллаларни аудио шаклда тўплаб, 315 та мактабгача таълим муассасаларига тарқатдик.
Матбуот анжумандан сўнг, Хива шаҳар Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонасидаги Матмурод девонбеги тарихий обидасида “Маърифат тур” лойиҳаси тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов “Маънавият фестивали” доирасида ўтказиладиган “Маърифат туризми” лойиҳаси ҳақида маъруза қилар экан, бундан мақсад фақатгина саёҳат эмас, балки шу орқали инсонларга тарихий обидалар ҳақида маълумот бериш, уларнинг маънавий салоҳиятини юксалтириш эканлигини таъкидлади.
Тадбир сўнгида Хива шаҳрида жойлашган “ Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасига саёҳат уюштирилди.
“Маънавият фестивали” 23 августигача давом этади.