Хизмат кўрсатишдан аҳоли мамнунми?
Андижон тумани Давлат хизматлари марказида Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармасининг жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомидаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Андижон тумани Давлат хизматлари марказида Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармасининг жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомидаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, бу тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун катта қулайликлар яратаётгани таъкидланди.
Анжуманда Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилоят бошқармаси ва унинг туман, шаҳар тизимларида жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

– Айни кунда давлат хизматлари марказлари орқали 130 дан ортиқ турдаги давлат хизмати кўрсатилмоқда, – дейди Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилоят бошқармаси раҳбари Жамшид Раҳмонов. – Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 733 минг 300 га яқин хизмат кўрсатилган бўлса, шундан 731 минг 824 таси бевосита марказларда, 1 минг 500 га яқини эса интернет орқали кўрсатилди. Умуман, кўрсатилган хизматлар икки йил давомида 3,6 баробарга ортган.
Таҳлилларга кўра, давлат хизматлари бўйича мурожаатларнинг аксариятини, яъни 17 минг 860 тасини тадбиркорликни давлат рўйхатидан ўтказиш, 83 минг 110 тасини болаларни мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш, 40 минг 469 тасини жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ҳисобига қўйиш, 17 минг 813 тасини янги барпо этилган объектларни фойдаланишга қабул қилиш билан боғлиқ мурожаатлар ташкил этди.
Бошқарма ҳамда туман, шаҳар марказлари томонидан аҳолига янада қулайлик яратиш, чекка ҳудудларда яшаётган фуқаролар узоғини яқин қилиш, қолаверса, хизматларнинг мақбул, қулай ва шаффоф усулларини жорий этиш мақсадида 11 минг 963 та сайёр хизмат кўрсатилди. Сайёр хизматлар кўрсатиш учун туман, шаҳар марказлари "Дамас" автомашиналари, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Бундан ташқари, махсус жиҳозланган “Исузи” автобуси ажратилганлиги ҳам сайёр хизматлар кўрсатиш сифати ва кўламини оширишга ёрдам бермоқда.
Кўрсатилаётган давлат хизматлари қаторига йилдан-йилга янги хизмат турлари кўшилиб бораётгани ҳам ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш билан бирга, аҳолига янада кенг қулайликлар яратмоқда. Мисол учун, жорий йил давомида хорижий давлатларда умумий ўрта, ўрта ва олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилиш, товар белгисини рўйхатдан ўтказиш, ер ости сувларига кудуқ ўрнатиш учун бурғулаш ишларини амалга ошириш бўйича рухсатнома бериш сингари 17 та янги хизмат тури қўшилди. Бундан ташқари, фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш, туғилиш, никоҳ, никоҳдан ажралиш ва ўлим ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш бўйича хизматлар экстерриториал тарзда кўрсатилмоқда. Яъни фуқаро мазкур ҳужжатларни мамлакатимизнинг исталган жойида туриб, исталган бошқа ҳудуддан олиш имкони яратилди.
Ўтган давр мобайнида давлат хизматлари кўрсатиш тизимида 8 минг 861 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Қонунбузилиш ҳолатларининг 564 таси ҳокимликлар, 108 таси ички ишлар идоралари, 914 таси қурилиш, 761 таси солиқ, 3 минг 492 таси ер ресурслари ва давлат кадастр хизмати, 217 таси давлат санитария-эпидемология назорат маркази, 30 таси ижтимоий таъминот идоралари, 26 таси таълим муассасалари, 441 таси “Ўзтрансгаз” тизими, 1 минг 399 таси “Ўзбекэнерго” тизими, 224 таси коммунал хизмат кўрсатувчи идоралар ҳиссасига тўғри келган. Аниқланган қонунбузилишлар бўйича 26 та тақдимнома киритилди, 146 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 92 миллион 400 минг сўм миқдоридаги жарима жазоси қўлланилди. Анжуманда ана шу тизимлар билан ишлаш, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ишларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Давлат хизматлари кўрсатиш агентлиги тизимидаги ходимлар касбий малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бир гуруҳ ходимлар Россия, Грузия, Қозоғистон сингари қатор хорижий давлатларда малака ошириб қайтди. Фаолияти жараёнида таъмагирлик, товламачиликка йўл қўйган ходимларга нисбатан кескин чоралар кўрилмоқда. Ўтган давр давомида турли хатоликларга йўл қўйган 25 нафар ходимга нисбатан интизомий чора кўрилган бўлса, 1 нафар ходим ўз вазифасидан озод этилди.
Тизимда “Сирли мижоз” тадбирлари ўтказилиши кўрсатилаётган хизматлар сифати ва шаффофлигини таъминлаш, соҳа ходимларининг касбий даражасини, ҳалол ва тўғри ишлашини аниқлашда қўл келмоқда.
Давлат хизматлари кўрсатиш марказларида кўрсатилаётган хизматлар сифати ва савиясини ошириш, аҳолига қатор қулайликлар яратиш, фаолиятга ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш масалаларига, шунингдек, соҳа фаолияти ҳақида аҳолини янада кенгроқ хабардор этиш учун тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча марказларда Wi-Fi интернет зонаси яратилди. Бу хизматлар тезкорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Анжуманда ҳозир Андижон шаҳри, Асака, Марҳамат, Улуғнор, Олтинкўл туманларида давлат хизматлари кўрсатиш марказларининг янги бинолари барпо этилаётганлиги, шу билан бирга, Бўз, Булоқбоши, Шаҳрихон, Избоскан, Пахтаобод туманларидаги давлат хизматлари кўрсатиш марказлари жойлашган биноларда самарали фаолият юритиш учун зарур шарт-шароитлар етарли даражада яратилмаганлиги қайд этилди.
Анжуманда иштирокчилар томонидан давлат хизматлари марказлари фаолияти аҳолининг вақтини тежаш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, энг муҳими, коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи ҳолатларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этаётгани эътироф этилди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.