Хизмат кўрсатиш сифати юксалмоқда
Белгиланган талаблар асосида замонавий жиҳозланган марказларда тадбиркорларга “Ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, аризачиларга кўмаклашиш, давлат хизматлари тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул маслаҳат берилмоқда.
Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2016 йил 1 январидан юртимизнинг барча туман ва шаҳарларида “Ягона дарча” марказлари иш бошлади.Белгиланган талаблар асосида замонавий жиҳозланган марказларда тадбиркорларга “Ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, аризачиларга кўмаклашиш, давлат хизматлари тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул маслаҳат берилмоқда.
Жиззах вилояти адлия бошқармаси томонидан “Ягона дарча” марказларида тадбиркорлар учун яратилган имтиёз ва қулайликлар, уларга турли давлат хизматлари кўрсатувчи идоралар ўртасида юзага келаётган ҳуқуқий муносабатлар ҳамда хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган семинар-тренингда бу алоҳида таъкидланди.
Семинарда мутахассислар “Ягона дарча” тамойили бўйича хизмат кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги электрон алоқа “E-ijro” тизимида ишлашни интерактив усулда кўргазмали намойиш этиб, юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш йўлларини тушунтириб берди. Натижада бир қатор туманлардаги камчилик ва англашмовчиликлар анжуман давомида бартараф этилди.
– Марказларнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида маҳалий ҳокимликлар ва алоқадор ташкилотлар ходимлари иштирокида ўқув семинарлари ташкил этилди, – дейди Жиззах вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шерзод Баҳронов. – “Ягона дарча” маркази тизимининг йўлга қўйилиши ортиқча маъмурий чекловларни аниқлаш ва уни бартараф этиш имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир.
Тадбирда иштирок этган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, давлат хизмати кўрсатувчи вилоят, туман ва шаҳар идоралари, муассасалар, назорат қилувчи органлар вакиллари “Ягона дарча” марказлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича фикр алмашди.
“Ягона дарча” марказлари давлат хизматлари кўрсатувчи ташкилот ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, хусусий мулкнинг, тадбиркорликнинг аҳамиятини ошириш, пировард натижада мамлакатимиз иқтисодини ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.