Хиванинг замонавий совутгич ва музлатгичлари
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 22 ноябрдаги "2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 22 ноябрдаги "2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.Ушбу қарор асосида бажарилаётган ишлар воҳанинг ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръатларини янада ривожлантириш, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги корхоналарни ишга тушириш, аҳоли, айниқса, ёшлар учун иш ўринлари яратиш имконини бермоқда.
Тадбиркорларнинг айтишича, 50-60 оилага хизмат кўрсатадиган озиқ-овқат дўконига камида иккита совутгич ва битта музлатгич зарур бўлади. Шундай маҳсулот ишлаб чиқаришни режа қилган хивалик тадбиркор Қудрат Оллабергановнинг бизнес лойиҳаси молия муассасаси ва туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди, унга амалий кўмак берилди.
– Маҳсулотимизнинг илк намуналари Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллик байрами арафасида ишлаб чиқарилди, – дейди “Хива маиший техника” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қ.Оллаберганов. – “Осиё” савдо белгиси остида чиқарилган эллик донадан ортиқ маиший техникамиз айни кунда синовдан ўтмоқда.
– “Хива маиший техника” совутгичини ишлатиб кўрдик, – дейди тадбиркор Маҳмуджон Максимов. – Энергия кам сарфлайдиган бу буюмнинг нархи хорижда ишлаб чиқарилганига нисбатан анча арзон, керакли ҳароратга мослаштириш осон. Дизайни ҳам маъқул.
Бугун диди нозик харидор талабига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун замонавий техникага эга бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Буни яхши билган “Хива маиший техника” мутасаддилари ходимлар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўтган қисқа даврда ўндан зиёд ишчи хорижда ва Самарқандда тажриба ошириб қайтгани фикримизни тасдиқлайди.
2015 йилдан тўлиқ иш бошлаши кўзда тутилаётган ушбу корхона йилига 10 минг дона замонавий совутгич ва музлатгич ишлаб чиқариш қувватига эга. Маълумотларга кўра, айни пайтда корхонада йиғилаётган маиший техника воситаларининг 30 фоиз эҳтиёт қисми шу ернинг ўзида тайёрланмоқда. 2016 йилга қадар бу кўрсаткич 60 фоиздан оширилади. Шунингдек, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада корхона фаолияти янада кенгайиб, янги иш ўринлари яратилади.