Хитойга инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи партияси жўнатилди
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Бу икки давлат раҳбарларининг дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги қатъий иродаси маҳсулидир.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Бу икки давлат раҳбарларининг дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги қатъий иродаси маҳсулидир.
Ўзбекистон Хитойнинг коронавирусга қарши курашиш ва уни бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, амалий кўмак бермоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 февралда Хитой Халқ Республикасига инсонпарварлик ёрдамини юбориш тўғрисидаги фармойишни имзолаган эди. 12 февраль куни Хитой Халқ Республикасининг Хубей провинциясига инсонпарварлик ёрдами юборилди. Гуманитар юк таркибида тиббий йўналишдаги энг зарур маҳсулотлар – бир марталик стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезонлар, юз учун фильтрловчи ниқоблар бор эди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи босқичи шакллантирилди. Бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг биродар Хитой халқига дўстона ёрдамининг иккинчи партияси жўнатилди.
– Ўзбекистондан Хитойга жўнатилган инсонпарварлик юки икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги юқори даражасини акс эттиради. Бу гал республикамиздаги “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси корхоналари томонидан тайёрланган махсус тиббий кийимлар, тиббий ниқоблар ва тиббий докалар жўнатилди, – деди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Самандар Ҳикматуллаев.