КХДРда биринчи марта коронавирус аниқланди
Корея Халқ Демократик Республикасида коронавируснинг биринчи ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги хабар берди.
Пхеньянда Президент Ким Чен Ин иштирокида мазкур мавзуга бағишланган Сиёсий бюро йиғилиши бўлиб ўтди. Маълум бўлишича, эпидемия сабабли мамлакатда юзага келаётган ўта жиддий хавф ортидан барча шаҳарларда фавқулодда вазият эълон қилинди.
Биламиз, мамлакат расмийлари пандемия бошланганидан буён минтақада коронавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмагани тўғрисида хабар бериб келаётган эди. Афсуски, якшанба куни пойтахтда беморлардан олинган намуналар коронавируснинг “омикрон” штамми билан мос келишини кўрсатган.
– КХДР етакчиси ушбу кутилмаган инқирозни енгиб ўтишга ваъда берди, расмийларни вирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар кўришга чақирди, – дейилади хабарда.
Сиёсий бюро йиғилишида Ким Чен Ин чегарада, жумладан, денгиз ва ҳавода ҳушёрликни кучайтириш бўйича кўрсатма берди. Мақсад – мамлакат бошқарувида барқарорликни таъминлаш, вирус тарқалишининг олдини олиш, беморларни даволашдан иборат.
ЎзА