Хаста юраклар шифо топди
Навоий вилоятида юрак хасталигига чалинган ёшларни даволашга қаратилган «Меҳрибон юрак» II хайрия акцияси якунланди.
Навоий вилоятида юрак хасталигига чалинган ёшларни даволашга қаратилган «Меҳрибон юрак» II хайрия акцияси якунланди.
Дарҳақиқат, 2019 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, вилоят ҳокимлиги, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази билан ҳамкорликда «Меҳрибон юрак» I хайрия акцияси октябрь-ноябрь ойлари давомида ўтказилиб 14 нафар бола соғлом ҳаётга қайтарилган эди.
Жорий йилда ҳам вилоятнинг туман ва шаҳарларидан юрак хасталигига чалинган, бугунги кунда жарроҳлик амалиётига муҳтож, ногиронлиги бўлган, камбағал оила фарзандларининг рўйхати шакллантирилди. Малакали шифокор, мутахассислардан иборат комиссия томонидан текширувлардан ўтказилди.
Ҳамкор ташкилотлар, жонкуяр шифокор ва ҳомийлар кўмаги билан мазкур савобли иш давом эттирилган ҳолда «Меҳрибон юрак» II хайрия акцияси доирасида вилоятнинг Навоий шаҳридан 4 нафар, Қизилтепа туманидан 1 нафар, Нурота туманидан 3 нафар, Навбаҳор туманидан 1 нафар, Хатирчи туманидан 1 нафар, Кармана туманидан 1 нафар, 2 ёшдан 9 ёшгача бўлган, жами 11 нафар бемор болаларда бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Мазкур лойиҳа доирасида болалар ва уларнинг ота-оналари бахтиёр кўнгилларига янада кўтаринкилик улашиш мақсадида ҳамда 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан акция доирасида болажонларни соғлом ҳаётга қайтаришда ўзининг беминнат ҳиссасини қўшган ҳомийлар, жонкуяр шифокорларни тақдирлаш маросими ҳамда фарзандининг соғайишини сабр-бардош билан кутган ота-оналар билан учрашув ташкил этилди.
– Беш ёшли ўғлим Шохрухжон Орипов туғма юрак хасталиги билан дунёга келган, – дейди Шаҳрибону Неъматова. – Аввало вилоят ҳокимимизга, ёшлар иттифоқига, ҳомийлар ва жонкуяр шифокорларга минг раҳмат айтаман. Яратганга шукр, мендек она учун дунёдаги энг азиз неъмат – фарзандимнинг соғлигини қайтариб берди. Шу давргача ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Энди фарзандим тўрт мучаси соғ тенгдошлари қатори униб-ўсиб, шу бағрикенг халқимиз, юртимиз учун муносиб хизмат қиладиган инсон бўлсин.
Соғлом ҳаётга қайтган болажонлар билан учрашувда вилоят ҳокими Қобул Турсунов иштирок этди. Ўғил-қизларнинг келгуси ҳаётига муваффақиятлар тилади.