Харидорларга манзур маҳсулотлар
Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги “Азизбек Рухсора бизнес” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган 7 турдаги макарон маҳсулотлари аҳолига манзур бўлмоқда.
Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги “Азизбек Рухсора бизнес” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган 7 турдаги макарон маҳсулотлари аҳолига манзур бўлмоқда.Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга.
– Дастлаб тижорат банкидан олинган 60 миллион сўм маблағ билан фаолият бошлаган эдик, – дейди корхона раҳбари Ж.Қиличев. – Олинаётган даромаддан қолипли нон ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий печ харид қилдик. Тез кунларда қолипли нон ишлаб чиқаришни ҳам бошлаймиз. Бу 10 га яқин ишчи меҳнат қилаётган корхонамизда янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Ишбилармон тадбиркор маҳсулотларни “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси, тумандаги мактабгача таълим муассасалари ва ички бозорга етказиб бермоқда. Маҳсулот цехнинг ўзида махсус ускуналар ёрдамида қадоқланмоқда.