Халқ ўйинларини хатловдан ўтказиш таклиф қилинмоқда
Ўзбек халқ миллий ўйинлари ўзининг узоқ ўтмиши, бой тарихига эга бўлган, аждодлардан авлодларга мерос сифатида ўтиб келаётган, маънавий бойликларимиздан ҳисобланади.
Ўзбек халқ миллий ўйинлари ўзининг узоқ ўтмиши, бой тарихига эга бўлган, аждодлардан авлодларга мерос сифатида ўтиб келаётган, маънавий бойликларимиздан ҳисобланади.
Қадим замонларда халқларда ёши, турмуш тарзи ва эътиқодидан қатъий назар иштирокчилар ўртасида отда юриш, отда чопиш ва пойга, тош кўтариш ва мусобақалари, камондан ўқ узиш каби қизғин, куч талаб қилинадиган ўйинлар ташкил қилинган. Шунингдек, халқ орасида кўпкари, кураш, хўроз уриштириш каби миллий ўйинлар кенг тарқалган
Ҳозирда ўз олдига сайёҳлар оқимини ошириш мақсадини қўйган ҳар бир давлат ўзидаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланмоқда. Бизда ҳам бу борада етарлича номоддий-маънавий меросим мавжуд дея айтишимиз мумкин.
Ана шунда тарихий обидаларимиз ва табиатимиз учун келаётган сайёҳларни вақтини мазмунли ўтказиш ва унутилмас таассуротларга эга бўлиши учун имконият яратамиз.
Бу борадаги интилишларимизни Бутунжаҳон стронгмен федерацияси ва этноспорт альянси раҳбарлари ҳам қўллаб-қувватламоқда. Уларнинг Ўзбекистонда этноспорт ва стронгмен спорт турларини ривожлантириш бўйича яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги ҳақида пойтахтимизда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
– Жаҳон стронгменлари федерацияси – оғир атлетика соҳасидаги дунёга машҳур ташкилот ҳисобланади – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Абдулазиз Оққулов. – Бу ташкилот WSF 30 мамлакатда, жумладан, Россия, Ҳиндистон, Латвия, Буюк Британия, Марокаш, Бразилия, Греция, Венгрия, Голландия ва бошқа мамлакатларни глобал аъзоликка қабул қилган. Шу йўналишдаги ишлар бизда ҳам бошланган бўлиб, жорий йилнинг июнь ойида Хива шаҳрида Паҳлавон Маҳмуд номидаги биринчи“BAHODIRLAR OʻYINI” халқаро турнири ўтказилгани бунинг ёрқин исботидир. Шу тариқа, Ўзбекистон этник ва кучли спорт турларини ривожлантириш ғоясини қўллаб-қувватлади. Келгуси йилда “World Strongmen Cup 2020” жаҳон мусобақасини Хивада ўтказишга келишиб олдик.
Қайд этиш керакки, Жаҳон этноспорт жамияти – халқаро нодавлат ташкилоти бўлиб, 48 мамлакат олимлари, этноспорт ва анъанавий ўйинлар бўйича тадбир ташкилотчиларини ўзида бирлаштиради. У 2012 йилда Канаданинг Монреаль шаҳрида икки ташкилот — Канада этноспорт жамияти ҳамда дунёдаги биринчи этноспорт ташкилоти Россия этноспорт ва анъанавий ўйинлар федерацияси томонидан тузилган.
Йиғилишда айни вақтда узоқ қишлоқларимизда мавжуд, бироқ йўқолиб кетиш арафасида турган халқ ўйинларини сақлаб қолиш учун уларни хатловдан ўтказиш таклифи берилди. Шунингдек, келгуси йилдан бошлаб, вилоятларда спорт ҳафталиги доирасида ҳудудий турнирлар ўтказилади. Бундай мусобақалар бир йўла учта ва бир вақтнинг ўзида пойтахтимизда, Хоразм ва Сурхондарёда ташкил этилиши мумкин.