Халқ табобати: муаммо ва амалиёт
Андижон давлат университетида “Товарлар кимёси ҳамда халқ табобати муаммолари ва истиқболлари” мавзусида VII Халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Андижон давлат университетида “Товарлар кимёси ҳамда халқ табобати муаммолари ва истиқболлари” мавзусида VII Халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Андижон давлат университети кимё кафедраси, Ўзбекистон тиббий-илмий фаолият билан шуғулланувчилар Табобат академияси ҳамкорлигида “Zооm Cloud Meetings” дастури орқали онлайн тарзида ўтказилган анжуманда нафақат мамлакатимизнинг балки Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Тожикистон, Қозоғистон каби 20 дан ортиқ хорижий давлатларнинг соҳа мутахассислари ва олимлар иштирок этди.
Анжуманда товарлар кимёси ҳамда халқ табобати йўналишида олиб борилаётган ишлар, эришилаётган ютуқ ва муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.
– Илм-фан тараққий этгани сари тиббиёт ҳам ривожланмоқда, –дейди Андижон давлат университети кимё кафедраси профессори, Ўзбекистон Табобат академияси раиси Иброҳимжон Асқаров. – Аммо кимёвий препаратлар касалликларни даволашнинг ягона йўли эмаслиги ҳам ойдинлашиб қолди. Айни пайтда дунё миқёсида одамлар тиббий препаратлардан кўра, шифобахш табиий гиёҳ ва дамламалар асосида даволанишга ўтмоқда. Яъни, халқ табобати саломатликни сақлаш, даволанишда хавфсизлик ва самарадорлик жиҳатидан юқори натижаларга эришмоқда.
Конференцияда Тошкент кимё-технология институти профессори, Ўзбекистон Табобат академиясининг хақиқий аъзоси Абдулҳамид Махсумов, Андижон тиббиёт институти кафедра мудири, профессор, Неъматжон Мамасолиев, академик Л.К.Эрнст номидаги Бутунроссия Чорвачилик илмий-текшириш институти қишлоқ хўжалик ҳайвонлари физиологияси ва биохимияси бўлимининг гуруҳ мудири, профессор Сергей Зайцев, Тожикистон миллий фанлар академияси В.И.Никитин номидаги кимё институти профессори Музаффар Исобаев, Хитой Халқ Республикаси Фанлар академияси Синьцзян Физика ва химия технологияси институти тадқиқотчиси Хуршид Бозоров, Ўзбекистон тиббий-илмий фаолият билан шуғулланувчилар Табобат академияси раиси, профессор Иброҳимжон Асқаров, Табобат академияси аъзоси Муроджон Абдуллаевнинг олиб борган тадқиқотлар натижалари, илм-фан ютуқлари ва халқ табобати уйғунлигида касалликларни самарали даволаш тажрибалари хусусидаги маърузалари тингланди.
Мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, сифати ва самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Конференцияда таҳлил қилинган масалалар бўйича таклиф ва тавсиялар тайёрланиб, тегишли ташкилотлар, ишлаб чиқариш корхоналарига юборилиши белгиланди.