Халқсевар юртнинг мағрур қўшиғи
Ҳар тонг қалбларимизга эзгулик, фахр-ифтихор туйғуларини жо айлаб, халқимизни яратувчилик, муваффақиятлар сари чорлаб, шижоат, куч-ғайрат бахш этиб янграйдиган Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг 27 йиллиги Самарқандда ҳам кенг нишонланди.
Ҳар тонг қалбларимизга эзгулик, фахр-ифтихор туйғуларини жо айлаб, халқимизни яратувчилик, муваффақиятлар сари чорлаб, шижоат, куч-ғайрат бахш этиб янграйдиган Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг 27 йиллиги Самарқандда ҳам кенг нишонланди.
Самарқанд шаҳри марказидаги Кўксарой майдонида мағрур ҳилпираб турган она Ватанимиз миллий байроғи қаршисида ўтказилган байрам тадбирда Давлатимиз мадҳияси баралла янгради. Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талабалар, ўқувчи-ёшлар ҳарбий оркестр ва Самарқанд давлат университети хор жамоаси билан биргаликда миллий мадҳиямизни куйлади. Шундан сўнг, вилоят ҳокими ўринбосари Р. Қобилов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Фахриддин Ҳайит, Амир Худойберди ва бошқалар сўзга чиқиб, Давлат мадҳиясининг яратилиш тарихи, унинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. Шоирлар томонидан мадҳига бағишланган шеърлар ўқилди.

– Давлат мадҳияси шу юрт фуқароларини ўзига хос руҳлантирувчи, уларни она Ватан келажаги учун меҳнат қилишга ундовчи бебаҳо қўшиқдир, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов. – Ҳар гал эрта тонгдан уни тинглаган, жўр бўлиб куйлаган киши қалбан унинг сеҳрли кучини ҳис этади. 27 йилдирки ана шу сеҳрли куч таъсирида юртдошларимиз мамлакатимиз ривожи йўлида меҳнат қилмоқда. Унинг таъсирида улкан муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Шундай экан, мағрур ва мангу қўшиғимиз юртимиз узра янада баралла янграйверсин.




Тадбир давомида санъаткорлар томонидан юрт мадҳи, тинчлик ва осойишталикни улуғловчи куй-қўшиқлар янгради. Ҳарбий оркестр чиқишлари байрам тадбирига янада файз қўшди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг 27 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари давом этмоқда.