Халқимиз қалбидаги барҳаёт сиймо
Халқимизнинг тинчлик ва омонликда, таъбир жоиз бўлса фаровонликда умр гузаронлик қилишида Ислом Каримовнинг ҳиссаси, хизмати беқиёсдир.
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовни ҳақиқатан ҳам буюк тарихий шахс сифатида ҳамюртларимиз, балки қўшни давлат вакиллари ҳам жуда яхши билишади. Қатъияти ва жасорати, теран фикрлашию ташаббускорлиги натижасида республикамиз мустақилликка, озодликка эришди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ тараққиёт ва бунёдкорлик йўлида улкан муваффақиятларни қўлга киритди.
Халқимизнинг тинчлик ва омонликда, таъбир жоиз бўлса фаровонликда умр гузаронлик қилишида Ислом Каримовнинг ҳиссаси, хизмати беқиёсдир.
Давлатимизнинг биринчи раҳбарининг раҳнамолигида биз, ёшлар катта саҳналарда, спорт ареналарида ўз сўзимизни айта оладиган даражада истеъдодимизни кўрсатиб, муваффақиятга эриша бошладик. Биринчи Президентимиз “Тасаввур қилинг, бизнинг қишлоқ жойларидаги болаларимиз, ўсиб келаётган авлодимиз ўзларини қандай ҳис қиладилар? Уларнинг кайфиятини, уларнинг кўзлари, уларнинг эртанги кунга ишончини тасаввур қилинг“, деб замонавий фикрлайдиган, маърифатли ёшларни ҳамиша қўллаб-қувватлаган.
– Биринчи Президентимиз Ислом Каримов халқимизни нафақат мустақилликка олиб чиқди, балки уни мустаҳкамлаш йўлида бутун борлиғини бахшида қилди, – дейди “Нуроний” жамғармаси Шўрчи тумани бўлинмаси раиси Ўрол Чўтбоев. – 1999-2005 йиллар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида Биринчи Президентимиз билан ёнма-ён туриб ишладик. 1998 йил Шўрчи тумани Тошмат Бердиев номидаги жамоа хўжалигининг ташқи бошқарув раиси бўлдим. 1999 йил Халқ демократик партиясидан Шўрчи сайлов округидан депутатликка номзодим кўрсатилди. У пайтларда биз, депутатлар бизни сайлаган халқ орасида меҳнат қилардик. Ҳар чоракда Қонунчилик палатаси томонидан амалга оширилган ишларнинг якуни бўларди. Шунда бориб, Президентимизга депутат сифатида қилган ишларимиз хусусида ҳисобот берардик. Ислом Каримовни халқпарвар, доно, довюрак раҳбар ва доимо ҳар бир суҳбатдошини фикрини қадрлайдиган, унга тўғри йўл-йўриқ кўрсатадиган маслаҳатдош деб биламан. Ёшларни жуда яхши кўрардилар. Уларни келажаги учун умрларининг охиригача жон куйдирганларини юртдошларимиз жуда яхши билишади. У кишини нафақат биз, балки неча асрлар давомида авлодларимиз ҳам юксак эҳтиром билан хотирасида сақлайди.
Дарҳақиқат, Биринчи Президентимиз бизга доим азиз фарзандларим, деб мурожаат қилганлари қалбимиздан чуқур жой олган. Бизнинг келажагимиз йўлида доим куйинган, барча шароитни муҳайё этган Президентимиз бошлаган ишларнинг муносиб давомчилари бўлишга интиламиз.
– Фаолияти давомида ҳамиша халққа суянган раҳбар десам муболаға бўлмайди, – дейди Шўрчи туманидаги 9-умумтаълим мактаби директори Улуғбек Исаев. – Халқига суянган, уларни дарди билан яшаган ҳеч бир инсон халқ назаридан қолмайди. Сарбонбошимиздан Ватанни севишни, устозларга ҳурматни, ёшларга эътибор қаратишни энг муҳими жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни ўргандик. Ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларни илгари сурган, ўзининг ибратомуз саъй-ҳаракати билан юртдошларимизни ишончини, ҳурматини қозонган сиёсий арбоб, Ислом Каримов ҳамиша қалбимизда яшайди.
Албатта, Ватанимизни озод ва обод кўришни истаб, умрини шу эзгу мақсадга бағишлаб, кечаю кундуз тинимсиз меҳнат қилган Ислом Каримов саъй-ҳаракати ва ташаббуси билан мустақилликка эришдик.
Халқимизнинг ҳақиқий қаҳрамон фарзанди Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон Республикаси асосчиси, оғир дамларда мамлакатда хавфсизликни таъминлаб, унинг тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор қўйган шахс сифатида юртимиз тарихида алоҳида ўрин тутади. 1991-2016 йиллар давомида Юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик, халқимиз фаровонлигини юксалтириш билан боғлиқ барча эзгу ишлар Ислом Каримов номи билан боғлиқ экани айни ҳақиқатдир.
Шахс сифатида жамиятда ва халқимиз қалбидан чуқур жой олган Буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов мамлакатимиз мустақиллиги ва янги давлатчилигининг асосчиси, тинчликпарвар ва халқпарвар раҳбар сифатида катта ҳурмат қозонган эди. Мардлик ва олижаноблик фазилатлари билан эл-юртга меҳр ва садоқат тимсоли бўлиб қолган Ислом Каримов келажак авлодлар хотир
асида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди.
Нигина ШОЕВА, журналист