Халқаро тендеролди конференцияси
Наманганда Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши лойиҳасига бағишланган халқаро тендеролди конференцияси бўлиб ўтди.
Наманганда Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши лойиҳасига бағишланган халқаро тендеролди конференцияси бўлиб ўтди.Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ҳар бири 450 МВт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмасидан иборат умумий қуввати 900 МВт бўлган янги буғ-газ электр станцияси барпо этилмоқда.
Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси йилига 6,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу Фарғона водийсида электр энергиясига ортиб бораётган талабни, жумладан, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун электр энергиясига бўлган эҳтиёжни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Электр энергияси ишлаб чиқаришда илғор технологиялар қўлланилади. Бунда юқори технологияли буғ-газ ва газ турбинаси қурилмаларидан фойдаланилади. Бу станциянинг фойдали иш коэффицентини 60 фоизгача таъминлаш, ёқилғи истеъмолини фаолият кўрсатаётган қувватларга нисбатан қарийб 2 баробар камайтириш имконини беради.
Қиймати салкам 1 миллиард 200 миллион долларга тенг мазкур лойиҳанинг биринчи босқичида ҳар бири 450 мегаватт қувватга эга иккита энг замонавий буғ-газ турбинасини ишга тушириш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳа Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ва республика бюджети томонидан молиялаштирилади.
Айни пайтда туманнинг Шоҳидон қишлоғи ҳудудидан ажратилган 94 гектардан зиёд майдонда текислаш ишлари, йўл-коммуникация инфратузилмасини яратиш, маъмурият биноси ва ёрдамчи хўжалик иншоотлари, ишчи-хизматчи ва мутахассислар учун кўп қаватли турар-жойлар қуриш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Энергоблокларни монтаж қилиш ишлари шу йилнинг сентябрь ойида бошланиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг асосий қисмини амалга оширишга тендер танловлари асосида салоҳиятли, тажрибали чет эл компаниялари бош пудратчи этиб белгиланади.
Шу муносабат билан ўтказилган халқаро тендеролди конференциясида тегишли вазирлик ва идоралар, вилоятдаги дахлдор бошқарма ва ташкилотлар, тендер савдосида иштирок этиш истагини билдирган хорижий давлатларнинг 15 йирик компанияси, мамлакатимизнинг “Тўполангсув ГЭС қурилиш”, “Қувасойтаъмирлашқурилиш”, 4-монтаж бошқармаси, “Гидромахсусқурилиш” каби қурилиш-монтаж корхоналаридан вакиллар иштирок этди.
– Лойиҳанинг асосий қисмига киришиш бўйича тайёргарлик ишлари давом этмоқда, – дейди “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қуриш дирекцияси” унитар корхонаси раҳбари Тўхтабой Муллажонов. – Бугунги тадбир тендер иштирокчиларини яна бир бор ўз имкониятларини чамалаб, маслаҳатлашиб олиш ва тендерда қатнашиш борасида бир қарорга келишига кўмаклашиш мақсадида ўтказилмоқда. Тендер савдосига тақдим этилган пакетлар март ойининг охирида очилади ва унинг ғолиби иссиқлик электр станцияси қурилишига бош пудратчи этиб белгиланади.
Тадбир доирасида лойиҳа ҳақида атрофлича маълумот берилди ва қурилиш-монтаж ишларида иштирок этишга қизиқиш билдираётган компания ва корхоналар тақдимоти ўтказилди.
Иштирокчилар Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиш майдонида бўлиб, бу ерда амалга оширилган ишлар, лойиҳани рўёбга чиқариш учун зарур омиллар, табиий, техник шарт-шароитлар ва бажариладиган ишлар кўлами билан танишди.
– Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда, – дейди China Statc Construction Engineering Corporation компанияси вакили Шо Фе. – Бунда мамлакатингизда яратилган қулай сармоявий муҳит муҳим омил бўлмоқда. Ангрен – Поп темир йўл қурилишида ҳам Хитой компаниялари иштирок этаётгани бунинг ёрқин ифодасидир. Компаниямиз мазкур лойиҳада иштирок этишдан манфаатдор. Бундай ҳамкорлик ҳар икки давлат тараққиётига хизмат қилади.
Конференцияда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.