Халқаро стандартлар бўйича суғурта хизматлари
“Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясида янги ISO 9001:2015 халқаро стандартига мувофиқ суғурта хизматлари сифат менежменти тизимини жорий этиш афзалликларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясида янги ISO 9001:2015 халқаро стандартига мувофиқ суғурта хизматлари сифат менежменти тизимини жорий этиш афзалликларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.“Ўзбекинвест” компанияси бош директори Ф.Саидаҳмедов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз компаниялари ва саноат корхоналари фаолиятига халқаро сифат стандартлари ва замонавий менежмент тизимларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 2004 йилда “Ўзбекинвест” компаниясида халқаро стандартлар талабларига мувофиқ сифат менежменти тизими жорий этилган. Бу компания фаолиятини такомиллаштириш, янада сифатли суғурта хизматларини тақдим этишда кенг имкониятлар яратмоқда.
“Ўзбекинвест” мамлакатимиз корхоналари орасида биринчи бўлиб сифат менежменти тизими бўйича ресертификациядан ўтди ва янги ISO 9001:2015 стандартига кўра, халқаро ҳамда миллий сертификатга эга бўлди. Компания SGS халқаро сертификатлаштириш органи (Швейцария) томонидан ресертификациядан ўтказилди. Янги ISO 9001:2015 стандартига ўтиш мақсадида компания ходимлари малакаси оширилди, суғурта фаолиятининг барча босқичларида хатарларни баҳолаш тизими ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Бу стратегик режалаштиришдан тортиб, суғурта даъволарини кўриб чиқишгача бўлган барча бизнес жараёнларидаги хатарлар таъсирини баҳолаш ва камайтириш имконини беради. ISO 9001:2015 талабларига мувофиқ, «Ўзбекинвест» компаниясининг ташқи ва ички муҳити батафсил ўрганилиб, уни янада ривожлантириш имкониятлари белгилаб олинди.
Матбуот анжуманида янги ISO 9001:2015 стандартига мувофиқ сифат менежменти тизимини жорий этиш юзасидан маълумот берилди.
“Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси вакилларига ISO 9001:2015 ва O'zDSt ISO 9001:2015 стандартлари талабларига мувофиқлик сертификатлари топширилди.