Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан ушбу улкан ютуқнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва масъулияти ҳақида суҳбатлашдик.
2020 йил 13 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. Мамлакатимиз учун БМТга аъзо 191 давлатдан 169 таси овоз берди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан ушбу улкан ютуқнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва масъулияти ҳақида суҳбатлашдик.
– Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайлангани, авваламбор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев олий мақсад этиб белгилаганидек ва ўзи орзу қилгандек яшашга интилаётган, Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатиб берилган ёруғ истакларига яраша янгидан-янги натижаларга эришаётган янги Ўзбекистон қўлга киритган яна бир оламшумул ютуқдир.
Бу – давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ушбу соҳада давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш, халқаро майдонда мамлакат нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганининг ёрқин далилидир.
Бу – Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистоннинг мутлақо янгиланган ташқи сиёсатини амалга ошириш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан муносабатларни ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш масалаларига алоҳида урғу берилаётгани халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилгани ҳамда қўллаб-қувватланаётганининг ўзига хос ифодаси ҳамдир.
Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек: "Жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон шаклланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди".
Кейинги йилларда аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири тобора ошиб бормоқда. Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарди. Мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди.
БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан жорий йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик мустаҳкамланмоқда.
Судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди.
Ўзбекистон сўнгги йилларда эришган бу каби муҳим натижаларнинг барчаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши асосий вазифалари билан уйғун ва ҳамоҳанг. Бинобарин, мазкур кенгашнинг бош вазифаси – эркинлик, қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилиш. Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши жаҳон бўйлаб бу борадаги вазиятни назорат қилиб, ҳукуматларга кўрсатма ва тавсиялар бериб боради. Энг муҳими, мазкур кенгашга аъзо ҳар бир давлат ўз мажбуриятларини ёдда тутиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ мезонларга амал қилишда намуна бўлиши лозим.
Шу маънода, Ўзбекистоннинг ана шу юқори халқаро органга аъзолик учун интилгани бежиз эмас. Бу самарадор саъй-ҳаракат давлатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзосига юклатиладиган мажбуриятларни астойдил бажариш ва инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаганидан далолатдир.
– Бу борада қандай тайёргарлик ишлари амалга оширилди?
– БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланиши учун Ўзбекистон номзодини илгари суриш вазифаси давлатимиз раҳбари томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгилаб берилганди. Шу асосда ўтган даврда комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва изчил амалга оширилди.
Аввало, мавжуд тартиб-қоидаларга асосан номзодлик БМТ Бош Ассамблеяси рўйхатидан ўтказилди ва дипломатик саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.
2019 йил октябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясига мувофиқ, БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларда тақдим этиладиган Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар" ҳужжати тақдим этилди. Шунингдек, ушбу ваъдаларни қисқа таҳлил қилувчи яна 2 та ҳужжат тайёрланди. Мазкур ҳужжатлар БМТ Бош Ассамблеяси ва Инсон ҳуқуқлари кенгашида ҳамда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари орқали аъзо давлатлар орасида тарқатилди.
Ўзбекистон тақдим этган "Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар"да мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, бу борада бажариладиган вазифалар ҳам акс этган. Халқаро, минтақавий ва миллий доираларда Ўзбекистоннинг истиқболдаги мажбурият ва режалари батафсил тақдим қилинган. Ушбу мажбуриятларни 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби доирасида амалга ошириш белгиланган. Муҳими, бугунги кунга қадар режадаги айрим ихтиёрий мажбуриятларни бажаришга киришилган.
– Шу ҳақда батафсилроқ тўхталиш мумкинми?
– Ўзбекистон тақдим этган "Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар" учта йўналиш – халқаро, минтақавий ва миллий даражадаги бир қатор муҳим вазифаларни қамраганини алоҳида таъкидлаш лозим. Аввало, халқаро кўламдаги вазифалар ҳақида тўхталсак.
Ўзбекистон БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида жаҳон миқёсидаги ва минтақавий масалаларни ҳал этишда ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Бу борада қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш, БМТ билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган ва изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиз БМТ Бош котиби илгари сурган «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллиги: келажакка нигоҳ» мавзусида туркум Глобал мунозаралар ўтказиш ташаббусини тўла қўллаб-қувватлади. Ташаббус доирасида жорий йил миллий ва халқаро ҳамкорларимиз билан учта глобал онлайн-мунозара ташкил қилинди.
Ушбу мунозараларда БМТ ва ташкилот тузилмалари, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЖССТ, ЮНЕСКО, БМТРД, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, ЮНФПА, ЮНИСЕФ, Халқаро миграция ташкилоти ҳамда Прламентлараро иттифоқнинг юқори лавозимли вакиллари иштирок этди.
Илк глобал мунозара «Ўзбекистон ва БМТ: Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳамкорлик» деб номланди. Анжуман 2020 йил 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Олий Мажлис палаталари ҳамда БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан видеоконференция шаклида ташкил этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига мурожаатида таъкидлаганидек: "Ўзбекистон БМТнинг Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро шартномаларнинг мақсад ва тамойилларига содиқ ҳамда ўз зиммамизга олган мажбуриятларимизни оғишмасдан бажариб келмоқдамиз. Бу биз амалга ошираётган, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар стратегиясининг энг муҳим йўналишларидан биридир".
Маълумки, бундан беш йил аввал БМТга аъзо давлатлар 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибини қабул қилган эди. БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида бугунги коронавирус инқирози шароитида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.
Чунки дунё кейинги 50 йил давомида кузатилмаган жуда йирик таҳдид ва инқирозга дуч келиб турибди. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари инсониятни ҳимоя қилиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга йўналтирилган бўлиб, бу борада якдиллик билан саъй-ҳаракат қилиш учун ўзига хос чақириқ ҳисобланади.
Ўзбекистон – БРМга эришишнинг қатъий тарафдори. Мамлакатимизда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари БРМга тўла мос тушади.
2018 йил ҳукуматимиз томонидан Барқарор ривожланиш соҳасидаги 16 та Миллий мақсад ва шу мақсадлар билан боғлиқ 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган 127 та вазифа тасдиқланган. Ана шу Миллий мақсад ва вазифаларни имплементация қилиш бўйича "Йўл харитаси" қабул қилинган. Бош вазир ўринбосари бошчилигидаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган.
Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича Миллий индикаторлар муваффақият билан амалда татбиқ этилмоқда. Давлатимиз БРМга эришиш бўйича биринчи Ихтиёрий миллий шарҳни кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб, БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий кенгашига тақдим этди. Қувонарлиси, халқаро экспертлар Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган даврда БРМ Кун тартиби ижросига ижобий муносабат билдирмоқда.
Айниқса, мамлакатимизнинг пандемиядан кейин Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, маданий мероснинг БРМга эришишдаги роли ва ҳиссаси, барқарор ижтимоий ривожланишни таъминлаш мақсадида барча учун муносиб меҳнат шароитлари яратиб бериш зарурлиги тўғрисидаги нуқтаи назари юқори баҳоланаётгани диққатга сазовор.
Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасидаги ўзаро ҳурмат ва мулоқот тамойилларига таянадиган ҳамда сиёсатлаштириш, икки хил стандарт ва нохолис танлов бўйича ёндашиш каби ҳолатлардан холи бўлган кўп томонлама ҳамкорликни рағбатлантириш ишига ҳисса қўшиб келмоқда.
Жумладан, мамлакатимиз делегацияси 2019 йил сентябрь ойида Женевада (Швейцария) бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 42-сессиясида иштирок этганини қайд этиш мақсадга мувофиқ.
– Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлиш учун зиммасига олган "Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар"да кўзда тутилган минтақавий ва миллий кўламдаги тадбирлар қандай бажарилмоқда?
– Шу йил 12-13 август кунлари бўлиб ўтган ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми нафақат мамлакатимиз ва минтақамиз, балки бутун сайёрамиз ёшлари ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорлик муҳимлигини алоҳида таъкидлашга қаратилгани билан ғоят аҳамиятли.
Халқаро анжуманда "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. Ҳужжатда, жумладан, ёшлар ҳуқуқлари – ҳар ким учун зарур бўлган, аммо айримлар ёши кичиклиги туфайли айни имкониятлардан фойдаланишдан маҳрум этилган ҳуқуқлар экани қайд этилган.
Яқинда Самарқанд резолюцияси БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди. Шунингдек, у ЕХҲТ Доимий кенгаши ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилгани бежиз эмас. Зеро, Самарқанд резолюцияси ҳозирги замон давлатларининг ривожланиши билан боғлиқ барча жараёнларга ёшларни янада кенг жалб этиш зарурлигини ҳар томонлама тасдиқлашга хизмат қилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлиги доирасида кейинги 4 йилда ўтган 75 йил давомида эришилмаган ниҳоятда муҳим ва юксак натижалар қўлга киритилди.
Биргина мисол: 1993 йил 25 июнь куни Вена шаҳрида (Австрия) БМТ шафелигида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон конференциясида қабул қилинган Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурида ҳар бир давлат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиши тавсия қилинган.
Орадан 27 йил ўтиб, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 июндаги фармони билан юртимиз тарихида илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди. Бу ҳақдаги маълумотлар БМТнинг олтита расмий тилида нашр этилди ва Бош Ассамблеянинг 74-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.
Миллий стратегияни тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотлар БМТнинг Расмий ҳужжатлар тизимига ҳам жойлаштирилди. Натижада дунё жамоатчилиги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг араб, инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларидаги матни билан танишиши учун қулай имконият юзага келди.
Миллий стратегия доирасида 53 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш, 37 та чора-тадбирлар мажмуи ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда 8 та халқаро шартномани ратификация қилиш – жами 98 та ҳужжат устида изчил иш олиб бориш белгиланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да белгиланган вазифалар ижроси юзасидан 2020 йил 10 сентябрь ҳолатидаги мониторинг «Йўл харитаси»нинг жами 78 бандидан 17 таси бўйича ижро муддати якунлангани, 7 та банд бўйича ишлар ўз муддатида бажарилганини кўрсатди. Айниқса, 2 та бандда белгиланган вазифалар муддатидан олдин адо этилгани эътиборли.
Сўнгги йилларда Олий Мажлис томонидан ижтимоий соҳада "Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида", "Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида", "Касаба уюшмалари тўғрисида", "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида" сингари жами 30 дан зиёд қонун қабул қилинди. 10 дан ортиқ халқаро шартнома, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та конвенцияси ратификация қилинди.
Камбағалликка барҳам бериш, аҳоли соғлиғини яхшилаш, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, экология муаммоларига ечим топиш, гендер тенгликни таъминлаш каби муҳим соҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, янги тузилган Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш фаолиятида парламент аъзолари иштирок этмоқда.
Мамлакатимиз ҳаётининг бошқа соҳалари қатори суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган шиддатли ислоҳотлар амалий натижасини бермоқда. Ушбу йўналишда янги қабул қилинган қонунлар, жорий этилаётган таъсирчан механизмлар, тобора кўпайиб бораётган оқлов ҳукмлари юртдошларимизда адолат ва келажакка ишончни янада мустаҳкамламоқда.
Суд-ҳуқуқ соҳасида эришилаётган натижалар халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Жумладан, яқинда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, шунингдек, АҚШ Давлат департаменти ўз ҳисоботларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ўзгаришлар, хусусан, диний эътиқод эркинлигини таъминлаш ва одам савдосига барҳам бериш борасидаги ислоҳотларга ижобий муносабат билдирди.
Жорий йил мазкур соҳада қўлга киритилган ютуқлар ҳақида сўз борганда, авваламбор, БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари тўғрисидаги маърузасини БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг навбатдаги сессиясига тақдим этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу маърузада Ўзбекистонда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида эришилган ижобий натижалар алоҳида таъкидланган.
БМТ махсус маърузачиси Президент Шавкат Мирзиёев ўз лавозимини бажаришга киришган пайтидан бошлаб амалга оширган муҳим ишлар қаторида, жумладан, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқшуносларнинг ўз касбий фаолиятини янада эркин бажаришини таъминлашга қаратилган ислоҳотнинг кўплаб амалий натижаларини бирма-бир санаб ўтгани эътиборга сазовор.
– БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қандай орган ва кенгашга аъзолик сайлови қай тарзда бўлиб ўтади?
– БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши БМТ Бош Ассамблеяси органи бўлиб, 2006 йилда ташкил этилган. Кенгаш ўз мажлисларини мунтазам, йилига камида уч марта ўтказади.
Ушбу сессиялардан бири асосийси саналади ва анжуман иши ўн ҳафта давом этади. Кенгаш аъзоларининг учдан бир қисми талаби асосида, жумладан, муайян мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ташвишли аҳволни ўрганиш мақсадида махсус фавқулодда сессиялар ҳам чақирилиши мумкин.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган. Бош Ассамблеянинг 60/251-резолюцияси 7-бандига мувофиқ, "Кенгаш таркибидаги 47 аъзо давлатнинг ҳар бири Бош Ассамблеянинг кўпчилик аъзоси томонидан бевосита яширин овоз бериш йўли билан сайланади".
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолик учун беш минтақадан давлатлар танланади. Яъни, Осиё-Тинч океани, жумладан, Марказий Осиё минтақасидан – 13 аъзо, Африкадан – 13 аъзо, Шарқий Европадан – 6 аъзо, Лотин Америкаси ва Кариб давлатларидан – 8 аъзо, Ғарбий Европа ва бошқа минтақалар, жумладан, АҚШ, Канада ва Исроил давлатлари орасидан – 7 аъзо уч йил муддатга сайланади.
БМТ Бош Ассамблеяси сессияси делегатлари куни кеча БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 15 аъзо давлатни сайлади. Булар –Ўзбекистон, Буюк Британия, Боливия, Хитой, Габон, Кот-д'Ивуар, Куба, Малави, Франция, Покистон, Мексика, Непал, Россия, Сенегал ва Украина.
Бу галги сайловда бўшаб қолган 15 аъзолик ўрнига Осиё-Тинч океани, жумладан, Марказий Осиё минтақасидан – 4, Африкадан – 4, Шарқий Европадан – 2, Лотин Америкаси ва Кариб давлатларидан – 3 аъзо ҳамда Ғарбий Европа ва бошқа минтақалар, жумладан, АҚШ, Канада ва Исроилдан – 2 аъзо сайланди.
Эътиборлиси, БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси доирасидаги мамлакатимиз илк бор иштирок этган ушбу сайловда Ўзбекистон учун БМТга аъзо 191 давлатдан энг кўпчилиги – 169 таси овоз берди. Осиё гуруҳидан Покистон ҳам 169 овоз тўплади. Шунингдек, Непал – 150, Хитой – 139, Саудия Арабистони – 90 та овоз олди. Кенгашга сайланган янги аъзоларнинг ваколати 2021 йил 1 январдан бошланади.
Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси бўлишидан кўзлаган мақсади эзгу ва холис. Биз мамлакатимизда ҳам, жаҳон миқёсида ҳам ҳуқуқ ва қонун устувор бўлиши, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланиши, ҳимоя қилиниши ва рағбатлантирилиши тарафдоримиз.