Халқаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда
Тошкентда “Цемент саноати ва бозори” XIII халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Тошкентда “Цемент саноати ва бозори” XIII халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда.Унда Ўзбекистон, Хитой, Австрия, Германия, Испания, Россия, Туркия ва бошқа давлатлардан соҳа раҳбарлари ва етакчи мутахассислар иштирок этмоқда.
Мазкур конференция пойтахтимизда олтинча марта ўтказилмоқда. Аввалги тадбирлар мамлакатимиз цемент саноатини янада ривожлантириш, соҳага инвестиция жалб этиш, мавжуд ишлаб чиқаришларни реконструкция ва модернизация қилиш, юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини берди.
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Э.Акромов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки йилларидан барча ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинаётгани, илғор архитектура ечимларидан фойдаланган ҳолда мавжуд объектлар реконструкция қилинаётгани ва бунинг самарасида юқори технологияли қурилиш материалларига бўлган талаб кескин ортиб бораётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 24 мартдаги “Қурилиш материаллари саноатида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тармоқни жадал ривожлантириш тўғрисида”ги фармони ушбу вазифаларни амалга оширишда муҳим дастурилмал бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда деярли барча турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилаётир. Бунда инвестиция жалб қилиш, мавжуд ишлаб чиқариш корхоналарини реконструкция ва модернизация қилиш, янгиларини барпо этиш ҳисобидан цемент саноатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида 2000-2014 йилларда цемент ишлаб чиқариш ҳажми 3,2 миллион тоннадан 7,4 миллион тоннага ёки 2,3 баробар ошди. Ишлаб чиқаришнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 7 фоизни ташкил этди.
– Компаниямиз йилига 450 миллион тонна цемент ишлаб чиқаради ва цемент ишлаб чиқариш ва соҳа учун ускуналар етказиб бериш бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллаб турибди, – дейди Хитойнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва халқаро инжиниринг бўйича миллий корпорациясининг МДҲ мамлакатларига савдо бўйича директори Гэнь Нан. – Биз учун Ўзбекистон бозори истиқболлидир, зеро бу ерда инвестиция киритиш учун қулай шароит яратилган, цемент саноати изчил ривожланмоқда, янги заводлар бунёд этилмоқда. Бу эса ўзаро ҳамкорлигимиз самарали бўлишидан далолат бермоқда.
Конференцияда айни пайтда Ўзбекистонда йилига 8,6 миллион тоннадан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга 8 цемент заводи фаолият кўрсатаётгани таъкидланди. Жорий йилнинг 10 ойида 6,6 миллион тоннадан ортиқ цемент тайёрланган. Жумладан, “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти юртимизда цемент ишлаб чиқарадиган етакчи корхоналардан биридир. Мамлакатимизда тайёрланаётган цементнинг деярли ярми ушбу корхона ҳиссасига тўғри келмоқда ва бу йилига қарийб 3,5 миллион тоннани ташкил этмоқда. Шунингдек, “Оҳангаронцемент” акциядорлик жамиятида йилига 1,7 миллион тоннагача, “Қувасойцемент” акциядорлик жамиятида 1 миллион тоннадан ортиқ ва “Бекободцемент” акциядорлик жамиятида 1 миллион тоннага яқин цемент ишлаб чиқарилаётир. Ушбу корхоналар ҳар йили янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ва мавжудларини модернизация қилиш ҳисобидан ишлаб чиқариш қувватларини оширмоқда. Бунинг самарасида юртимиз бозорларига сифатли ва арзон цемент етказиб берилмоқда.
Анжуманда Ўзбекистоннинг цемент саноатини ривожлантиришдаги тажрибасига бағишланган маърузалар тингланди. “Қизилқумцемент”, “Бекободцемент” ва “Қувасойцемент” акциядорлик жамиятларида технологик линияларни модернизация қилиш, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида йилига 6 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга янги цемент заводларини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
– Биз Ўзбекистон цемент ишлаб чиқарувчилари билан бой ҳамкорлик тажрибасига эгамиз, – дейди «Unitherm Cemcon» компанияси техник директори Алекс Вагнер (Австрия). – Мазкур ҳамкорлик доирасида “Фарғонацемент” заводига ёнилғи ёқадиган ускуналарни етказиб бердик. “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб бормоқдамиз.
Анжуманда замонавий қурилиш соҳасида кенг қўлланилаётган портланд цемент ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мамлакатимиз цемент саноатини янада ривожлантиришнинг устувор йўналиши экани қайд этилди. Президентимизнинг шу йил 18 мартдаги Жиззах вилоятидаги цемент заводини кенгайтириш бўйича инвестициявий лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ушбу мақсадларга қаратилган бўлиб, унда мазкур корхонанинг иккинчи босқичини қуриш ва портланд цемент ишлаб чиқаришни йилига 760 минг тоннадан 1 миллион тоннага кўпайтириш кўзда тутилган.
Шу мақсадда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ва Туркиянинг “Dal Teknik Makina Ticaret ve Sanayi A.S.” компанияси тегишли шартнома имзолади. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, комбинатнинг ўз маблағлари ва «Ипотека-банк» акциядорлик тижорат ипотека банки кредити ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Цемент заводининг технологик қисмини кенгайтириш ишларини 2016 йилнинг сентябрь ойида ниҳоясига етказиш режалаштирилган.
– Биз Жиззах вилоятида портландцемент ва оқ цемент ишлаб чиқаришни ташкил этишда фаол иштирок этдик, – дейди «Dal Teknik Makina Ticaret ve Sanayi A.S» компанияси тижорат директори Лина Дюрак (Туркия). – Айни пайтда ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан мазкур цемент заводи имкониятларини янада кенгайтириш устида иш олиб бормоқдамиз.
Конференцияда Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш ҳажми йилига ўртача 3,5 фоизга оширилиб, 2019 йилда бу кўрсаткич йилига 15 миллион тоннага етказилиши кутилаётгани алоҳида таъкидланди. Бундай параметрлар Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 4 мартдаги фармонига биноан тасдиқланган 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган.
Шунингдек, тадбирда Хитой, Австрия, Германия, Россия, Туркия ва бошқа давлатларнинг йирик цемент компаниялари тажрибаси, цемент ишлаб чиқариш борасидаги янги ютуқлар, соҳага экологик тоза илғор технологияларни жорий қилиш ва қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Мухтасар айтганда, конференция ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.