Хўжамайхона булоқ сувини эшитганмисиз?
Бойсун туманидаги Хўжамайхона булоғи азалдан маҳаллий аҳоли ўртасида шифобахшлиги билан машҳур бўлган.
Уйда қолинг!
Сурхондарё Ҳисор, Боботоғ, Кўҳитанг, Бойсун каби пурвиқор тоғ тизмалари бағрида жойлашган бўлиб, табиат мўъжизаларига бой, сўлим гўшалари, бетакрор табиат манзаралари ва танга даво шифобахш булоқ сувлари билан ҳам танилган, сайёҳларни мафтун этган.
Бойсун туманидаги Хўжамайхона булоғи азалдан маҳаллий аҳоли ўртасида шифобахшлиги билан машҳур бўлган. Мафтункор табиат манзаралари қўйнидан сизиб чиқаётган оби-ҳаёт ўта тиниқ ва йилнинг тўрт фаслида ҳам бирдек салқин бўлиб туради. Уни истеъмол қилган ёшу-кексага қувват улашиб, қалбига хушнудлик бағишлайди. Шу боис булоқнинг сиру-синоати бу сувдан истеъмол қиладиган Дарбанд қишлоғи аҳлини қизиқтириб келган.
– Жуда кўп йиллардан буён Россияда ишлайдиган шифокор ҳамқишлоғимиз бор,– дейди дарбандлик Равшан Аманқулов.– Ўзи зўр кардиолог. Шу киши бир йили меҳмонга келганларида гапдан-гап чиқиб, қишлоғимиз одамлари Хўжамайхона булоқ сувининг хусусиятини ўрганиб беришни илтимос қилган. Шу баҳона сувнинг таркибини таҳлил қилган меҳмонимиз уни “Кавказдаги энг шифобахш сувлардан ҳам шифобахшироқ экан”, дея таъриф бергани, айниқса, юрак-қон, томир касалликларига даво, деб айтганини эшитган эдим. Шундан буён бу сувни канда қилмай ичамиз ва руҳан тетик бўлиб юрамиз.
Мутахассисларнинг айтишича, булоқдан секундига уч куб сув отилиб чиқади. Сувда бир метргача узунликдаги балиқлар сузиб юради. Лекин, уларни ҳеч ким овламайди. Тепадан пастга қараб, торайиб борадиган сув ғорининг чуқурлиги ҳам ўрганилмаган.
Мўъжизаларга бой Хўжамайхона атрофлари ёз фаслида одамлар, сайёҳлар билан гавжум бўлади. Синовли кунлар ортда қолгач, сиз ҳам бу ерларга келиб, шифобахш зилол сувдан истаганча истеъмол қилинг, гўзал табиат қўйнида мириқиб дам олинг. Ҳозирча уйда қолинг!