Хўжаликлар фаолияти сақлаб қолинди
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигига бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, соҳада тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва мустақиллигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигига бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, соҳада тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва мустақиллигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги фармони билан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури тасдиқланиб, унинг 3.13-бандида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини ошириш, интенсив технологиялар ва инновацион ишланмаларни кенг жорий қилиш, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, кластер тизимини ва барча йўналишларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш йўналишларида қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишга оид чора-тадбирлар белгиланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида Ер кодексида ердан фойдаланиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш масаласи назарда тутилди.
Бинобарин, мамлакатимиз иқтисодиётининг қишлоқ хўжалиги секторини ривожлантиришда амалга оширилаётган пировард ҳаракатларимиз самарадорлигини туширишга хизмат қилаётган бир қатор аспектлар шуниси билан изоҳланадики, ердан фойдаланиш ҳуқуқининг етарли даражада кафолатланмаганлиги соҳага инвестицияларни жалб этиш ҳамда хўжаликларни бошқариш истиқболига ишончсизлик пайдо бўлишига имкон туғдиради.
Шу билан бирга ердан фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг аниқ ва шаффоф механизмлари бугунги кунга қадар тўлиқ яратилмаганлиги оқибатида аграр соҳа вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши кузатилаётганлигини истисно этиб бўлмайди.
Мазкур долзарб масалаларни Навоий вилояти миқёсида кўрадиган бўлсак, вилоятнинг Кармана туманида фаолият юритаётган “Асилбек Асилахон Келажаги”, “Хазора Эркин Чорвадор”, “Умиднур-Келажаги”, “Қахрамон” фермер хўжаликларининг ижара шартномаси асосида фойдаланишида бўлган ер майдонларининг туман ҳокими қарори билан захирага олиниши оқибатида хўжаликларнинг ашёвий ҳуқуқларига дахл қилиниб, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тўхтатилишига сунъий замин яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили аралашуви билан мазкур ҳолат ҳуқуқий тартибга солиниши учун даъво аризаси киритилиб, Кармана туман маъмурий судининг 2020 йил 11 мартдаги қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан фермер хўжаликлари қонуний фаолияти давом эттирилиши учун муқаддам ижара шартномаси асосида фойдаланишида бўлган ер майдонлари қайтарилиши таъминланган.
Мухтасар айтганда, иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалиги секторини ривожлантириш учун фермер хўжаликларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш баробарида тадбиркорлик фаолияти ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш вазифаси ҳар бир давлат ташкилоти учун аҳамиятли бўлиб қолмоғи лозим.