Кейс-менежмент ижтимоий ҳимоя самарадорлигини оширмоқда (+видео)
Мамлакатимиз маҳаллаларида аҳолига хизмат кўрсатаётган ижтимоий ходимлар ногиронлиги бор, ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилаларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашида яқин кўмакчига айланди. Айни пайтда улар 12 тоифадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун юздан ортиқ турда хизмат кўрсатмоқда.
Сурхондарё вилоятида кейс-менежмент асосида ўтган йил 9 мингга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага кейс очилиб, баҳолаш ишлари олиб борилди. Шеробод туманидаги Қорабоғ маҳалласида яшайдиган ногиронлиги бор Шоҳида Жумаевани ҳам ижтимоий ходим Дилрўза Давлатова кейс-менежмент асосида ўрганди. Ҳозирда Шоҳида комплекс ижтимоий кўмаги билан ҳаётида янги даврни бошлаганидан мамнун. Унинг меҳнатга муносабати ўзгариб, улкан орзулар билан яшай бошлади.
– Икки ёшимда оёғим жуда кучли куйгани туфайли 15-20 йил даволандим, яхши бўлмади, – дейди Шоҳида Жумаева. – 1999 йил ампутация қилиниб, оёғимдан ажралганман. Кейин юролмасдан, ҳаракатлана олмасдан ўтириб қолдим. Шу давр оралиғида тикувчиликни ўргандим. Маҳалламиздаги ижтимоий ходим уйимизга келиб, аҳволим билан танишди. Тикувчиликка қизиқишимни билиб, опа ишлайсизми сизга шароит қилиб берсак, деди. Хўп, дедим. Қорабоғ маҳалласининг биносидан битта хона ажратиб, олтита машинка билан таъминлаб берди. Уч ой давомида 12 нафар ўқувчи йиғилди. Асосан маҳалла аёллари, хотин-қизларига тикувчилик, чеварчилик бўйича дарс бериб келаман. Ўзимга ўхшаган ногиронлиги бор шахсларга ҳунаримни ўргатаман. Бундан улар жуда хурсанд. Шунингдек, ижтимоий ходим соғлигимни тиклаш учун 1 миллион 800 минг сўм пул ажратиб берди. Бундан ташқари, оёғимга янги протез олиб берди. Ҳозир 3 миллион 200 минг сўм ойлик оламан. Қолган бўш пайтларим уйимда яна ишимни давом эттириб, буюртмаларни тикаман. Келажакдаги режаларим маҳалламиз аёлларига каттароқ цех очиб, фаолиятимни кенгайтирмоқчиман.
Бахтсиз ҳодиса сабабли оёғидан ажралган Шоҳида Жумаевага кейс очилгач, бирламчи баҳолаш жараёнида ижтимоий ходим хатар ва ҳимоя омилларини ўрганиб, тегишли чора-тадбирларни белгилаб олди. Шу асосда зарур ёрдам кўрсатиб, уни ўз қизиқиши бўйича тикувчиликка йўналтирди. Соғлигини тиклаш учун стационар даволанишига, “Саховат ва кўмак” жамғармасидан дори-дармон учун моддий ёрдам ажратилишига кўмаклашди. Эндиликда унинг маҳалла хотин-қизларига касб ўргатаётгани шогирдларига ҳам қувонч бағишламоқда. Улар ишли бўлиб, оиласига қўшимча даромад олиб келиш имконияти яратилганини алоҳида эътироф этмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gJCdJucAri0" title="Keys-menejment ijtimoiyhimoya samaradorligini oshirmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>– Бизнинг устозимиз Шоҳида опа астойдил ҳаракат қилганидан мана уч ойда тикув-бичишни яхши ўрганиб олдик, – дейди цехда касб ўрганаётган Умида Ҳайдарова. – Унгача биз бу касбни билмас эдик. Энди тикишни ўрганиб, рўзғоримизга бемалол даромад олиб келамиз.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ижтимоий кўмакка муҳтож шахсларга, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларга яхши кайфият улашиб, аҳолини мамлакатимиз кучли ижтимоий давлат бўлаётганига ишонч ҳиссини мустаҳкамламоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири