Керол Миллер: Самарқандни кўриш орзуим эди
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари Конгресси аъзоси, Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича парламент кокуси иштирокчиси Керол Миллер бошчилигидаги делегация бугун Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Керол Миллер хонимни Самарқанд темир йўл вокзалида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев кутиб олди.
Меҳмонлар Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойларни томоша қилди.
Айниқса, Амир Темур мақбараси ва Регистон майдонига ташриф АҚШ Конгресси аъзолари учун таассуротларга бой бўлди. Ушбу обидалар билан танишув чоғида улуғ аждодларимизнинг бунёдкорлик ишлари, Самарқанднинг азалдан илм-фан ва маданият маркази сифатида жаҳон цивилизацияда тутган ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Ўзбекистонга, Самарқандга келганимдан жуда хурсандман ва бу менинг орузим эди, – деди Америка Қўшма Штатлари Конгресси аъзоси Керол Миллер. – Кўп йиллар олдин Самарқанд ҳақида китобларда ўқигандим. Бугун эса узоқ ва бой тарихга эга шаҳарни кўриб, завқланаяпман. Ёшлигингизда ўқиган, ўзингизча тасавур қилган гўзалликни ўз кўзларингиз билан кўриш кишига завқли ҳиссиётларни уйғотади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири