Кентуккида шериф судьяни отиб ўлдирди
АҚШнинг Кентукки штатида округ шерифи суд биносида туман судьясини отиб ўлдирди. Бу ҳақда “BBC” хизмати тегишли манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Округ судьяси Кевин Маллинс пайшанба куни Летчер округи суд биносида ўқотар қурол ёрдамида нишонга олинган. Округ шерифи Шон Стайнс ҳеч қандай қаршиликсиз воқеа жойида ҳибсга олинди ва у айни пайтда қотилликда айбланмоқда.
Штат полициясининг маълум қилишича, 54 ёшли судья Маллинс жанжал пайти отиб ўлдирилган, бироқ можаро нима ҳақида бўлганлиги ва қуролли шахснинг мақсади нима бўлганлиги ҳозирча аниқ эмас.
Жиноят маҳаллий вақт билан кундузи соат иккиларда Уайтсберг шаҳрида содир бўлган.
Маҳаллий “Mountain Eagle” газетасида ёзилишича, шериф судьянинг хонасига кириб, у билан ёлғиз гаплашиши кераклигини айтган.
Хабарда айтилишича, қотилликдан сўнг шериф қўлларини кўтарган ҳолда полицияга таслим бўлган.
Отишма пайти суд биносида 50 га яқин одам бўлган, улардан ҳеч бири жабрланмаган.
Штат бош прокурори Расселл Коулман воқеани чуқур ўрганиб, адолат қарор топиши кераклигини айтди.