Кемран полвон - жаҳон чемпиони
Грузиянинг Тбилиси шаҳрида пара дзюдо бўйича жаҳон чемпионати старт олди. Мусобақанинг биринчи кунида Ўзбекистон вакиллари бир олтин ва икки бронза медални қўлга киритди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Кемран Нуриллаев ўз вазн тоифасида барча рақибларидан устун келиб, жаҳон чемпионига айланди. Шоҳрух Мамедов ва Кумушхон Хўжаева эса бронза медалларига сазовор бўлди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Халқаро Паралимпия қўмитаси президенти, Халқаро кўзи ожизлар спорти федерацияси президенти, Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти ҳамда қатор мутасаддилар иштирок этди.
Кун якунида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев ҳам иштирок этиб, спортчиларни мукофотлади.
Қайд этиш жоиз, пара дзюдо бўйича жаҳон чемпионати 27 сентябрга қадар давом этади.

Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА