Келишувни ким бузяпти? (+видео)
Фаластин оммавий ахборот воситалари Ғазога Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан уюштирилган кучли ҳаво ҳужуми ҳақида хабар берди. Исроил мудофаа армияси ҳозирча бу маълумотни изоҳламади, дея хабар бермоқда Evronews.
Сешанба куни Бош вазир Биньямин Нетаньяҳу ЦАХАЛга “тез ва кучли зарба” йўллаш тўғрисида кўрсатма берган.
Исроил оммавий ахборот воситалари ёзишича, Нетаньяҳу ЦАХАЛ назорати остидаги ҳудудни кенгайтириш бўйича ҳам қарор қабул қилган. Бинобарин, ҳукумат раҳбари девони бу борада изоҳ бермаган. Маълумотга кўра, Нетаньяҳу ўз режасини мувофиқлаштириш учун АҚШнинг юқори мартабали расмийлари билан музокара олиб боряпти.
Ҳозир Ғазода 13 нафар гаровга олинган шахснинг жасади борлиги тахмин қилиняпти. ҲАМАС вакиллари сешанба куни тутқунлардан бирининг жасади топилгани, аммо Исроил ҳужуми туфайли жасадни топшириш кечикканини айтган. Умуман, гуруҳ сектордаги улкан вайронагарчилик сабаб,жасадларни топиш жуда қийин кечаётганига урғу берган. Исроил эса марҳумлар атай қайтарилмаётганини таъкидлаган.
Ўтган ҳафта охирида Миср қолган гаровдагилар жасадини қидиришга ёрдам бериш учун ҳудудга мутахассислар гуруҳи ва оғир техника воситалари юборган. Қидирув ишлари давом этяпти.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс юзага келган ҳолат ҳақида журналистларга маълумот бераркан, сулҳ тартиби сақланиб қолиши, лекин кичик тўқнашувлар ҳам юз бериши мумкинлигини истисно этмаган.
ЦАХАЛ бош штаби раҳбари эса Тинчлик келишувидан кейинги воқеаларда ҲАМАСни айблаб, бунга жавобан Исроил “сукут сақламаслиги”ни билдирган.
Ўз навбатида ҲАМАС оташкесимга содиқлигини тасдиқлаб, Исроилни шартни бузишда айблади. Воситачиларни эса Исроилга босим ўтказиб, “хавфли ҳолат”ни бартараф қилишга чақирди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/MfsjR5eCGjk" title="Kelishuvni kim buzyapti?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кeнжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА