Кун тарихи: 14 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни
1498 йил (бундан 523 йил олдин) – тонгда Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг ўғли Бадиуззамон Мирзо ўртасида жанг бўлди. Бадиуззамон Мирзо шу куни Ўлангнишин яқинига етиб келганда, бу ердаги ҳисобсиз қўшинни кўриб, ҳайрат бармоғини тишлаб, даҳшатга тушган эди. Аммо ориятни қўлдан бермай жангга кирди. Ота билан ўғил ўртасидаги жанг пешингача давом этиб, ҳар икки томондан кўпгина қурбонлар берилди.
Ниҳоят Бадиуззамон Мирзо жанг шиддатига дош беролмай, Қандаҳорга қараб қочди. Шаҳаншоҳ қўшин бошлиқларидан амир Умарбек шаҳзодани анча масофагача қувлаб, ниҳоят шаҳзодага яқинлашиб, энди қилич урмоқчи бўлаётганида, шаҳзоданинг амирларидан бири амир Юсуф Исфандиёр Бадиуззамон Мирзонинг қўлидаги найзасини тортиб олиб, амир Умарбекнинг юзига қаттиқ зарб билан урди. Амир Умарбекнинг бир неча тишлари синиб, отдан ерга юмалаб тушди. Ушбу мўъжиза туфайли Бадиуззамон Мирзо саломат қутилиб кетди.
1647 йил (бундан 374 йил олдин) – Балх яқинидаги Темуробод мавзесида Бухоро хонлиги қўшинлари билан бобурийлар ўртасида жанг бўлди.
1865 йил (бундан 156 йил олдин) – 14 июндан 15 июнга ўтар кечаси босқинчи генерал Михаил Черняев бош бўлган рус қўшинлари томонидан Тошкентга иккинчи марта ҳужум уюштирилди. Улар шаҳарнинг Камолон дарвозаси орқали бостириб киришга муваффақ бўлди. Маҳаллий аҳоли ҳар бир кўча, ҳар бир маҳалла ва ҳар бир уй учун қаттиқ кураш олиб борди. Сувсиз ва озиқ-овқатсиз қолган шаҳар 40 кунлик қамалдан сўнг таслим бўлди.
1976 йил (бундан 45 йил олдин) – театр мухлисларининг дилидан ўрин олган “Келинлар қўзғолони” спектакли шу куни илк бор саҳна юзини кўрди. Бу кун ҳозирги Миллий академик драма театри жамоаси ва, шу жумладан, атоқли адиб Саид Аҳмад учун унутилмас кун бўлди. Саид Аҳмад асарларига, айниқса, ҳикояларига хос бўлган майин юмор, нозик қочиримлар илк бор Баҳодир Йўлдошев томонидан саҳнага қўйилган “Келинлар қўзғолони”да тўкис жамулжам бўлди.
Академик театр спектаклида биринчи бўлиб Фармонбиби ролини маҳорат билан ўйнаган атоқли санъаткор Зайнаб Садриева асарнинг Аброр Ҳидоятов номидаги театрда қайта ишланган нусхаси (1987 йил 16 октябр)да ҳам шу ролни умрининг охиригача ижро этди. Асарни 1988 йили Баҳодир Йўлдошев Лаос миллий театрида саҳналаштирди. Асар қозоқ, қирғиз, туркман, тожик, озарбайжон, хитой, АҚШ театрларида, яъни дунёнинг ўттиздан ортиқ театрида саҳна юзини кўрди.
“Келинлар қўзғолони” асари асосида режиссёр Мелис Абзалов томонидан бадиий фильм яратилди. Катта шов-шувга сабаб бўлган бу фильм 1986 йилда АҚШда ўтказилган кўрикда Американинг 26 та штатида намойиш этилди.
1991 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Кооперация тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида кинотуризмни жадал ривожлантириш ва мамлакат кино жозибадорлигини кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади
ЎзА