Барқарор ривожланиш ва “яшил” иқтисодиёт масалалари экологлар ёки мутахассисларнинггина эмас, балки бутун жамият эътиборида. Қишлоқ хўжалиги — бу нафақат озиқ-овқат хавфсизлигининг асоси, балки табиат билан ҳамоҳанг тараққиёт пойдеворидир.
Шу маънода, БМТ Тараққиёт дастури томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “EU-AGRIN” лойиҳаси Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтишда муҳим роль ўйнаётган ташаббуслардан биридир.
“EU-AGRIN” лойиҳасининг миллий координатори Улуғбек ИСЛОМОВ билан амалий ютуқлар, инновацион ёндашувлар, фермерлар ва олимлар ўртасидаги ҳамкорлик, “яшил” иқтисодиётнинг юртимиз келажаги учун аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.
— Улуғбек ака, авваламбор, вақт ажратганингиз учун миннатдормиз. Суҳбатимизни “EU- AGRIN” лойиҳасининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида “яшил” иқтисодиётга ўтишдаги таъсири ҳақида бошласак.
— Лойиҳа нафақат фермерлар, балки бутун жамият учун манфаатли ўзгаришларга сабаб бўлмоқда, — дейди Улуғбек Исломов. — Зеро, барқарор қишлоқ хўжалиги — бу соғлом тупроқ, тоза сув, мўл ҳосил ва фаровон келажак демакдир. Шу боис ҳам Ўзбекистон иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ўз миллий сиёсатининг барча жабҳасига интеграциялаш чораларини кўрмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2019 — 2030 йиллар даврида мўлжалланган “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясида иқлим ўзгаришлари масаласини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланиши ана шундай қадамлардан бўлди.
“EU-AGRIN” лойиҳаси қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат соҳаларида инновацияларни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш тизимларини йўлга қўйиш ва маҳаллий билим ҳамда салоҳиятни сафарбар этиш орқали муҳим ўзгаришларга туртки бермоқда. Шунингдек, лойиҳа доирасида инновацион ғоялар амалиётга татбиқ этилиб, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича аграр соҳа вакилларининг ресурслардан барқарор фойдаланишига кенг имкониятлар яратилмоқда. Кичик ишлаб чиқарувчилар учун давлат-хусусий шерикликнинг инклюзив моделлари ишлаб чиқилмоқда, “яшил” инвестициялар учун қулай муҳит шакллантирилмоқда.
Лойиҳа иссиқхона газлари эмиссияси паст бўлган қишлоқ-озиқ-овқат тизимларига ўтишни рағбатлантиради ва бу жараёнда қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратади:
• қишлоқ хўжалиги секторида сув ва энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишни рағбатлантириш тизимини яратиш;
• ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирининг барча босқичида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ошириш;
• қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини бошқариш усулларини такомиллаштириш;
• биомасса ишлаб чиқариш учун норматив-ҳуқуқий базани ва қулай шарт-шароитларни мустаҳкамлаш;
• яйловларни оқилона бошқариш ҳисобига тупроқдаги углерод эмиссияси ҳажмини камайтириш.
— Лойиҳа маҳаллий фермерлар, мутахассислар, олимлар ва аҳоли турмуш тарзига қандай таъсир қилмоқда?
— Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторига йўналтирилган инвестициялар билимларни ошириши ва инновацияларни рағбатлантириши мумкин. Ўзбекистонда фермерлар ва агросаноат корхоналари дуч келадиган кўплаб муаммоларни ҳал қилиш имконини берувчи катта ҳажмдаги билимлар тўпланган. Бироқ ҳозирда бу билимлар негадир амалиётда кенг қўлланилмайди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг эҳтиёжлари ва манфаатлари билан олимлар олиб бораётган тадқиқотлар ўртасида тафовут мавжуд. Бундан ташқари, ушбу билим ва тажрибалардан самарали фойдаланиш, тажриба алмашиш ёки изчил ҳамкорлик механизмлари мавжуд эмас. Шунга мос равишда қишлоқ хўжалигида таълим ва кадрлар тайёрлаш дастурлари хусусий секторнинг реал эҳтиёжлари ва устуворликларидан четда қолмоқда.

Юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал қилишда эса инновациялар жуда муҳим ва улар қишлоқ хўжалиги тараққиётида янги босқич ҳисобланади. Шу боис олимлар ва фермерлар ўртасида инновацион ҳамкорлик тизими йўлга қўйилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистоннинг тупроқ, иқлим ва сув ресурсларитурлича бўлган учта вилоятни қамраб олган 18 та инновацион гуруҳ ташкил этилди. Зеро, бу инновацион гуруҳлар — фермерлар, олимлар, тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасида амалий ҳамкорлик кўпригини яратишга хизмат қилади. Айни вақтда улар кўмагида пахтачилик, ғаллачилик, балиқчилик, мева-сабзавотчилик соҳаларида илғор ёндашувлар, тупроқ унумдорлигини ошириш ва сув тежовчи технологиялар жорий қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш борасида ютуқларга эришилмоқда.
Инновацион гуруҳлар фан, таълим, инновация ва амалиёт интеграциясини таъминлайди. Бундай ёндашув ички имкониятлар ва захиралардан тўлиқ фойдаланиш имконини беради, бу эса ўз навбатида барча иштирокчиларга фойдали таъсир кўрсатади. Масалан, олимлар ва тадқиқотчиларга ўз ишланмаларини амалиётга тез татбиқ этишда кўмак бериши орқали ўз маҳсулотларини тижоратлаштиришга ёрдам беради ва бу ўз навбатида фан ва тадқиқотларни рағбатлантиради. Кимёвий моддалар, ўғитлар, энергия ва сув ресурсларини тежаш ҳисобига ҳосилдорлик ва маҳсулот сифати ошиши, таннархнинг камайиши эса фермерлар ва аҳоли учун фойдали. Олинган натижалар ушбу ёндашув кенг қўлланилиши орқали мамлакат учун муҳим бўлган агро-озиқ-овқат тармоғининг барқарор ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиши ҳақида умид уйғотмоқда.
—Ўтган йиллар давомида қандай ютуқларга эришилди? мисоллар келтириб ўтсангиз?
–Ҳа, биз инновацион лойиҳалар орқали яшил иқтисодиёт ва барқарор тараққиётга эришишни мўлжаллаганмиз! Жорий йилда амалга оширилган 18 та инновацион лойиҳа ҳақида тўхталадиган бўлсак, бунда 4 минг 800 нафардан кўпроқ аҳоли манфаат кўрди. 380 нафар хотин-қизлар ўқув курсларида билим ва тажрибасини оширди. Натижада қуёш энергиясидан фойдаланиб, балиқ етиштириш, ерларни унумдорлигини оширувчи сидерат экинлари экиш, ин-витро усулида писта, ток ва турли мевали дарахт кўчатлари етиштириш оммалашмоқда.
Биргина Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида 5 та оилага сутни қайта ишлашда қўл келадиган замонавий технологиялар етказиб берилди. Илгари шаҳарга сут сотган бу хўжаликлар ҳозирда кефир, қаймоқ ва пишлоқ каби ўн турдаги сут маҳсулотлари тайёрлаб, боғчалар ва савдо дўконларига етказиб бермоқда. Қайта ишлаш ҳажми 20 литрдан 400 литргача ошди.
Фарғона вилоятида эса сув танқислигига чидамли ва тез ўсиб, яхши ҳосил берадиган янги пахта навлари жорий этилди. Бу билан ҳосилдорлик 25% га ошди. Сув сарфи 35% га қисқариб, ҳосил йўқотиш 25% га камайди. Қашқадарё вилоятида қурғоқчиликка бардошли қаттиқ буғдойнинг янги навлари яратилиб, амалиётга жорий этилди. Айниқса, қаттиқ буғдой унидан макарон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бошлангани маҳаллий аҳолига ҳар жиҳатдан манзур бўлмоқда.
— Яшил иқтисодиёт нима учун келажакда муҳим деб ҳисобланади?
— Суҳбатимиз бошида таъкидлаганимиздек, Ўзбекистон 2030 йилга мўлжалланган стратегияда иқтисодий ўсиш барқарорлигини таъминлаш, ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва атроф-муҳитга зарарли таъсирларни камайтиришга устувор эътибор бермоқда. Табиий ресурслардан самарали ва масъулиятли фойдаланиш орқали барқарор ўсишга эришишни мақсад қилган “яшил ўсиш” концепцияси мамлакат иқтисодий сиёсатининг ажралмас қисмига айланди. Бугун Ўзбекистон бу йўналишда изчил ривожланмоқда.
Нима учун бизга “яшил” иқтисодиёт керак? "Яшил" иқтисодиёт — бу табиатга зиён етказмасдан ривожланиш йўли бўлиб, табиий капитал, экотизим ва биологик хилма-хилликни сақлаган ҳолда, даромадлар ўсиши ва янги иш ўринлари яратиш учун зарур. Бу концепция барқарор ривожланиш ғоясининг бир қисми бўлиб, унинг қатор афзалликлари мавжуд. Яъни бу тараққиёт йўли аҳолининг ҳозирги эҳтиёжларини таъминлаш билан бир вақтда келажак авлоднинг имкониятларига ҳам халақит бермайди. Барқарор ривожланиш учта асосий устунга таянади: иқтисодий ўсиш, ижтимоий адолат ва экологик мувозанат. Шу боис, “яшил” иқтисодиёт — бу фақат атроф-муҳит эмас, балки инсон, жамият ва келажак учун масъулият демакдир.
Иқтисодий ўсиш кўпинча табиий ресурслардан ортиқча фойдаланиш, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва биологик хилма-хилликнинг камайишига олиб келади. Бу ҳолат дунё ҳамжамиятини янги, барқарор ривожланиш моделларини қидиришга ундади. Шу боис, бугунги кунда кўпгина давлатлар “яшил” иқтисодиётга ўтиш орқали иқтисодий ўсиш билан бирга экологик барқарорликни ҳам таъминлашга интилмоқда.
Ўзбекистон ҳам ана шундай юксак мақсадларни олдига қўйган. Мамлакат барқарор ривожланиш тамойилларини иқтисодий, ижтимоий ва экологик сиёсатга интеграциялаш орқали ҳар томонлама ривожланишга изчил интилмоқда. Бу жараёнда қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтириш каби йўналишлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлаши ва бунинг учун аҳолининг “яшил” ривожланиш масалалари бўйича хабардорлигини ошириш жуда муҳим. Афсуски, жамият ҳали ҳам “яшил” иқтисодиёт иборасининг моҳиятини турлича тушунади. Шу ўринда қайд этиш керакки, “яшил” иқтисодиёт ҳозирда тугаб бораётган нефть, газ каби ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланишга, табиий ресурслардан, айниқса, чекланган сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган.
Бундай иқтисодиётнинг асоси тоза ёки "яшил" технологиялар ҳисобланади. “Яшил” иқтисодиётни ривожлантириш мамлакатнинг экологик хавфсизлигини таъминлайди, бу эса аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини сақлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун муҳим аҳамиятга эга.
— Келгусида “яшил” иқтисодиётга ўтиш йўналишида яна қандай лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда?
— Биз келгуси режалар тузишда яшил трансформация — қишлоқ хўжалигида барқарор келажак сари ишончли қадам эканини унутмаган ҳолда ҳаракат қиляпмиз. Ҳозиргача эришилган ютуқларни янада кенгайтириш учун қўшимча сармоя жалб қилиш ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Қувонарлиси, лойиҳанинг миллий ҳамкори — Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўз салоҳиятини нафақат мавжуд ҳудудларда, балки қўшимча соҳаларда ҳам кенгайтириш, хусусан, қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ҳам БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида.
БМТТД эса ўз навбатида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш, яшил технологияларни жорий этиш, инновацион ечимлар ва ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги ҳаракатларини фаол қўллаб-қувватлайди. Бу каби ташаббуслар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида барқарор, инклюзив ва экологияга мос ёндашувларни шакллантиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Барқарор ривожланиш ва “яшил” иқтисодиёт Ўзбекистон учун нафақат экологик хавфларни камайтириш воситаси, балки янги технологиялар, янги иш ўринлари ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкони ҳамдир. Бу йўлдаги ҳар бир қадам келажак авлодларга соғлом, обод ва барқарор муҳит қолдиришга хизмат қилади.
Албатта, Ўзбекистонда бу соҳадаги саъй-ҳаракатлар ортиб, "яшил" ислоҳотлар фақат табиатни асраш билан чекланмай, иқтисодий тараққиёт ва жамият фаровонлигига ҳам хизмат қилмоқда. Барқарор ривожланиш — фақатгина вазифа эмас, балки умумий мақсад ва келажакка йўналтирилган эзгу саъй-ҳаракатдир.
Барқарор ривожланиш — табиат ва тараққиёт, инсон ва ер ўртасидаги мувозанат рамзидир. Ўзбекистон бу йўлни танлар экан, ҳар бир ислоҳоти гўё куртак очаётган гулу дарахтдай ҳаётга умид ва келажакка ишончни акс эттирмоқда.
Табиатни асраган миллат ўз келажагини асрайди. “Яшил” иқтисодиёт сари қўйилган ҳар бир қадам бугун эмас, балки келажак авлодлар учун ҳам мустаҳкам пойдевор бўлиши, шубҳасиз.
Сайёра ШОЕВА суҳбатлашди.