Келажак касблари атласи ишлаб чиқилмоқда
Бугунги кунни янги замонавий технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Улар яшаш тарзимизни енгиллаштирмоқда. Масалан, интернетни олайлик, у орқали дунёнинг ҳар бир нуқтаси билан мулоқот қилиш мумкин.
Замонавий дунёда ахборот алмашиниш тезлиги ва унинг ҳажми фавқулодда даражада ўсиб бормоқда. Халқаро маълумотлар корпорацияси маълумотларига кўра, 2020 йилда рақамли коинот 40 зеттабайтга етди. 2010 йил бошидан бери маълумотлар ҳажми 50 баробар ўсди. Бундай тезлик нафақат янги касбларнинг пайдо бўлиши, балки бир қатор касбларнинг эскиришига ҳам олиб келади.
Интернет туфайли краудфандинг ва мобиль банк каби янги молиявий технологиялар таниш бўлиб қолди. Рақамли кодлар (крипто-валюталар) асосида янги валюталар пайдо бўлди ва тарқатилган маълумотларни сақлаш тизимлари (блокчейн) яратилмоқда. Бу тенденциялар мутахассисларга қўйиладиган талабларнинг сезиларли даражада ўзгариши, янги касбларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Ушбу тенденцияларни эътиборсиз қолдириш эса сира мумкин эмас.

Шу жиҳатдан қаралганда, мамлакатимизда замонавий технологиялардан фойдалана оладиган мутахассислар ва менежерларни тайёрлаш жуда муҳим бўлиб қолмоқда. Яна бир муҳим устувор йўналиш – ўзимизнинг янги технологияларимиз ва стандартларимизни яратишга катта эътибор қаратиш лозим.
Тошкент телеминорасида Банк-молия академияси вакиллари, Россиянинг “Газпромбанк” экспертлари, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирокида “Келажак касблари” мавзуига бағишланган анжуманда шу масалалар хусусида фикр юритилди.
Унда Банк-молия академияси ректори Тимур Ядгаров, онлайн иштирок этган “Газпромбанк” АЖ экспертлари Николай Куликов, Марк Партриж, Александр Дугин ва бошқалар анжуманда меҳнат бозорини ривожлантириш тенденциялари, XXI асрда одамлар меҳнат фаолиятининг янги йўналишлари, хусусан, рақамлаштириш ва роботлаштириш истиқболларини муҳокама қилди.

Банк-молия академияси ректори Тимур Ядгаровнинг фикрига кўра, бошланган ишлардан мақсад келажак касблари ва келажак талаблари асосида бугунги кунда қандай тарзда олий таълимни ўзгартириш масаласи қўйилмоқда. Шу талаблардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 июндаги "2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини ривожлантириш консепциясини тасдиқлаш тўғрисида" ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида академияга меҳнат бозоридаги ўзгаришларни, роботлаштириш ва сунъий интеллект технологияларининг ривожланишини ҳисобга олган ҳолда иқтисодиёт ва молия соҳасидаги Келажак касблар атласини ишлаб чиқиш топшириғи берилган.
Тадбирда таъкидланганидек, академия йўқолиб бораётган, ўзгарувчан касбларни аниқлаш, шунингдек, келажак ваколатларини лойиҳалаштириш бўйича муайян ишларни амалга оширди. Академия томонидан олиб борилган тадқиқотларда дунёнинг 2025-2030 йилларга қадар қандай ўзгаришини биргаликда башорат қиладиган ва келажакда мутахассислар малакасига меҳнат бозори қандай талаблар қўйишини тасаввур қиладиган ўнлаб маҳаллий ва хорижий нуфузли эксперт-амалиётчиларнинг фикрлари умумлаштирилди.

–Банк-молия академияси томонидан ишлаб чиқилаётган Келажак касблари атласи таълим ва бизнес биргаликда янги мутахассисларни етиштириш учун қандай таълим дастурларини яратиш кераклиги йўлидаги муҳим қўлланмадир, – деди Банк-молия академиясининг компетенциялар ривожлантириш департаменти директори Баҳром Ниёзматов. – 100 нафарга яқин маҳаллий ва хорижлик экспертлар мазкур атлас устида ишламоқда. Атлас ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр қилинади.Уни ишлаб чиқишда Америка, Россия, Сербия каби давлатлар тажрибаси ўрганилди. Бугунги кунда Россия ва Қозоғистонда ҳам Келажак касблари атласи ишлаб чиқилган. Дейлик, Қозоғистонда ишлаб чиқилган атлас барча соҳаларни қамраб олган. Академия томонидан тайёрланаётган Келажак касблари атласи фақат банк-молия соҳасига оиддир.
Аҳамиятли жиҳати шуки, банк-молия соҳаси учун мўлжалланаётган Келажак касблари атлас ёшларга ва қайта тайёрлашга ўқиш талаб қилинадиганларга мутахассисликни тўғри танлашда ёрдам беради. Улар атласни ўрганиб, замонавий ҳаётнинг динамикасини ҳис қиладиган илғор ота-оналар ва ёшлар яқин келажакда ўзлари учун муҳим вазифаларни билиб олишида қўл келади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА.