Келажагимиз эгаларига эътибор
Ҳар бир даврда ёшлар жамиятнинг ҳал қилувчи кучи, мамлакатнинг эртаси, юртнинг келажагини белгиловчи илғор қатлами, ишончли ворислари саналиб келган. Ҳамма вақт муайян давр ёшларининг тафаккури, дунёқараши, билим даражаси, интеллектуал салоҳияти ва маънавий қиёфасига қараб ўша жамиятнинг эртанги кунини аниқ тасаввур этиш мумкин.
Шу боис ҳам мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бирига айланди. Ўтган йиллар давомида ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди, ёшлар билан ишлаш бўйича Республика идоралараро кенгаши шакллантирилди. “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури қабул қилиниб, муайян амалий ишлар олиб борилмоқда. Жорий Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида ҳам ёшларни янада қўллаб-қувватлашга, уларга кенг имкониятлар яратишга, йигит-қизларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча ҳудудда “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ташкил қилиниб, иш билан банд бўлмаган ёшлар билан манзилли иш олиб бориш йўлга қўйилди.
Жорий йил 13 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар масаласига яна бир карра жиддий эътибор қаратилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб берилди. Мазкур йиғилиш қатор муҳим вазифалар ва мисли кўрилмаган ташаббусларга бой бўлганлиги билан барчамизни бирдек қувонтирди. Жумладан, жорий йил 1 майдан бошлаб ёшларга тадбиркорлик фаолиятига керакли асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 10 миллион сўмгача субсидиялар берилади. Шунингдек, ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга, бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб бериладиган бўлди. Бу каби имкониятлар, албатта, ёшлар учун катта мадад бўлади, ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, жорий йил 1 июндан бошлаб ҳудудларда “Ёшлар дафтари”га кирган йигит-қизларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиши харажатининг бир қисми қоплаб берилиши турли шароитдаги оилалар фарзандлари учун кенг имконият яратади. Ёш авлод вакилларини илм олишга ундайди, олий таълимга эга бўлиш иштиёқини оширади.
Ана шундай муҳим ташаббуслардан яна бири – “Ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилиши, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар марказлари битирувчилари 6 ойгача даромад солиғидан озод этилишидир. Бу каби вазифаларнинг амалиётга татбиқ этилиши ёшларга ҳар томонлама рағбат бўлади, уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган барча ташаббуслар, вазифалар келгусида ёш йигит-қизлар учун ҳаётда ўз ўринларини топишларида пойдевор бўлади.
Шоҳида ДАМАНОВА,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят кенгаши раиси:
– Видеоселектор йиғилишида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад олиши учун шароит яратиш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига яна бир бор алоҳида эътибор қаратилди. Бу масала фақат ёшлар ташкилотлари эмас, балки барча идора ва ташкилотларнинг, раҳбарларнинг муҳим вазифаси эканлиги қайд этилди.
Бу борада Жиззах вилоятида ҳам 2021 йилда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. 86 банддан иборат ушбу чора-тадбирлар дастури доирасида 292 миллиард 177 миллион сўмдан ортиқ маблағлар талаб этиладиган лойиҳалар кўзда тутилган. Ёшлар бандлигини таъминлаш, муаммоларини ўрганиш, уларни спортга жалб этиш, маданият масканларига бириктириш каби 6 йўналишда амалий ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, 13 минг 356 нафар тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ёшлар тадбиркорларга, 4 минг 596 нафар ёш устоз-шогирд анъаналари асосида ҳунармандларга бириктирилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, видеоселектор йиғилишида ўртага ташланган муаммо, камчиликлардан келиб чиқиб, ёшларга оид қатор дастурларимиз ижросини янада кучайтиришга эътибор қаратяпмиз. Ёшлар иттифоқи томонидан ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга эътибор қаратиляпти. Бугунги кунда Зомин туманида “Сардорлар мактаби” ташкил қилинди, турли маънавий-маърифий тадбирлар, йирик лойиҳалар амалга ошириляпти. Келгусида барча йўналишдаги ишларимиз самарадорлигини оширишга эътибор қаратиб, ёшлар ичига янада чуқурроқ кириб боришга ҳаракат қиламиз.
Моҳинабону ХОЛИҚОВА,
ЎзМУ хорижий филология факультети талабаси:
– Юртимизда биз ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан бир неча бор учрашувлар ўтказилиб, қатор вазифалар берилаётгани эътиборга молик. Хусусан, яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган ҳаётий ташаббуслар минглаб ёшлар билан бирга уларнинг ота-оналари ҳаётида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз бугунги кунда ижарада яшаётган 130 мингдан зиёд олийгоҳ талабасига 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилишини таъкидлади. Дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг ёш қамраб олиниши, ушбу мақсадлар учун 100 миллиард сўм ажратилиши олий таълим муассасаларининг минглаб ёшларига, қолаверса, уларнинг ота-оналарига катта кўмак бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА